Англиянинг Дорсет графлигида яшовчи 50 ёшли собиқ балерина Бринда Коллинз ҳанузгача ёш кўриниши сабаби нимада эканлигини айтди, деб ёзади Mail Online.

Фото: Mail Online

Коллинзнинг айтишича, у ҳеч қачон ёш кўринишни мақсад қилмаган.

«Шунинг учун мен лабимни ботокс қилдирмаганман ёки бошқа пластик операциялардан фойдаланмаганман», — дейди Бринда Коллинз.

Чиройли ташқи кўринишни сақлаб қолиш учун Коллинз ҳафтада тўрт марта юзга мўлжалланган ниқоблардан фойдаланади.

У терини озиқлантирувчи косметик воситаларнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди. Коллинзнинг айтишича, сифатли дегани ҳар доим ҳам қиммат косметика дегани эмас. Хамёнбоп косметика воситаларидан ҳам юзга тўғри келадиганини танлаб ишлатиш керак.

Фото: Mail Online

Коллинз ёш кўринишининг яна бир сабаби спорт машғулотлари эканлигини айтади.

«44 ёшимда балетдан кетганимдан сўнг ўзим учун спорт турини танлаш жараёни қийин бўлган», — дейди Коллинз.

Балерина ҳозирда ҳафтасига олти марта фитнесс билан онлайн тарзда шуғулланади.

Коллинзнинг таъкидлашича, ҳар куни стрессдан воз кечиш зарур.

«Мен ҳар куни ижодий иш билан шуғулланаман. Бу мен учун чарчоқ ва стрессдан қутулишнинг энг яхши усули. Сўнгги вақтда мен эски мебелларни янгилашга қизиқиб қолганман. Буни мен YouTube’даги видеодарслардан ўрганяпман. Ўзимнинг дизайн студиямни очганимдан кейин эса суратга олишга қизиқиб қолганман», — дейди Коллинз.