Тилла, кумуш ва бошқа металлардан ясалган севимли тақинчоқларимиз бизга узоқ муддат хизмат қилиши учун уларни тўғри сақлаш, ўз вақтида тозалаш муҳим аҳамият касб этади. Elle нашри тақинчоқлардан фойдаланиш бўйича маслаҳатларни келтириб ўтди.
Тақинчоқларни тез-тез тозалаб туриш керак
Вақт ўтиши билан исталган турдаги метал ўз жилосини йўқота бошлайди. Шу сабабли тилла ва кумуш тақинчоқларни вақти-вақти билан махсус мато билан артиб туриш керак. Тиш чўткасини илиқ сувга ботириб ёки болалар совуни билан ҳам тозаласа бўлади.
Иш қилаётганингизда тақинчоқларни ечиб қўйинг
Қўполроқ жисмоний ҳаракат таъсирида тақинчоқ тирналиши, ёрилиши ёки қийшайиши мумкин. Спорт машғулотларига борганда ёки бошқа жисмоний меҳнат қилаётганингизда тақинчоқларни ечиб қўйиш тавсия этилади.
Шунингдек, иссиқ ҳарорат ҳам тақинчоқларга салбий таъсир кўрсатади. Иссиқ ҳаммомга, саунага борганингизда зирак, занжир ва узукларни ечиб қўйиш зарур.
Тақинчоқларни маиший кимёвий моддалар ва косметикадан узоқроқ тутинг
Тақинчоқлар косметика ёки тозаловчи воситаларга текканда уларда доғ пайдо бўлиши ёки металлнинг устки қисми зарарланиши мумкин.
Шунинг учун идиш-товоқ юваётганда ёки уй тозалаётганда тақинчоқларга эҳтиёт бўлинг.
Тақинчоқларни тўғри жойга қўйинг
Табиий қимматбаҳо тошлар билан безатилган тақинчоқларни қуёш нури тўғридан-тўғри тушадиган жойда сақлаш ярамайди. Қуёш нури туфайли тақинчоқларнинг табиий ранги йўқолади. Шунингдек, тақинчоқлар ёдланган денгиз сувини ҳам ёқтирмайди. Пляжга борганингизда тақинчоқларни меҳмонхонада қолдирган маъқул.
Тақинчоқларни махсус қутиларда сақланг
Тақинчоқлар узоқ хизмат қилишининг муҳим шартларидан бири бу — уларни ўз қутисида ёки махсус кейсда сақлаш.
Бундай кейсларда тақинчоқнинг ҳамма тури учун махсус бўлмалар бўлади.
Изоҳ (0)