Тошкентда профилактика инспекторининг погонини юлиб, хизмат кийимини йиртиб ташлаган 27 ёшли аёлга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 27 ёшли П.П. 2 апрель куни соат 12:30 ларда Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасида тиббий ниқоб тақмасдан ҳеч бир асосли сабаб ва заруратсиз кўчада юрган. Туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори унга оғзаки танбеҳ бериб, тиббий ниқоб тақиб олишини талаб қилган.

Аёл унинг талабларини бажармасдан инспекторни ҳақорат қилган ва хизмат кийимидаги погонини юлиб олиб, хизматда фойдаланадиган алоқа воситасининг антеннасини синдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан 5 апрель куни П.П.га нисбатан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганда жавобгарлик кучайиши тўғрисидаги қонун имзоланди. Қонунга кўра, карантин қоидаларини бузганлик учун жазо кучайтирилди ва жарималар миқдори бир неча баробарга оширилди. 25 мартдан бошлаб жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланди. Ниқобсиз юрган шахслар жаримага тортилади.