Хорижий давлатларда бўлиб турган ва ватанга қайтиш истагини билдирган Ўзбекистон фуқароларининг рўйхати тузилиб, у мунтазам янгиланмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Авазбек Ҳожиматов 7 апрель куни ўтказилган брифингда маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, янги чартер рейсларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, хориждан ватанга қайтиш истагини билдирган фуқаролар рўйхати тузилиб, у мунтазам янгиланмоқда. Чартер рейсларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссияси, ваколатли вазирлик ва идораларга киритилган.
Авазбек Ҳожиматовнинг айтишича, ҳозиргача мамлакатда хорижлик мутахассис сифатида Жанубий Кореядан таклиф этилган шифокор фаолият кўрсатмоқда. У 29 март куни, яъни авиарейсларни тўхтатиш тўғрисидаги қарор чиқишидан аввал Ўзбекистонга кириб келган.
Шунингдек, Хитой ва Жанубий Кореядан бошқа мутахассисларни таклиф қилиш бўйича музокаралар давом эттирилмоқда. Мутахассисларнинг қачон ва қандай тартибда Ўзбекистонга олиб келиниши бўйича Республика махсус комиссисиянинг қарори қабул қилиниши кутилмоқда.
Аввалроқ, хорижий давлатларда коронавирусга чалинган Ўзбекистон фуқароларининг сони маълум қилинган эди. Шунингдек, Покистондан 22 нафар ўзбекистонлик махсус рейс билан Тошкентга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)