Тошкентда карантин пайтида хўроз уриштирган эркаклар пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланиб, жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
«28 март куни соат 16:00 атрофида Олмазор тумани Нурафшон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг ҳовлисида бир гуруҳ эркаклар хўрозлар жангини уюштирди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари Маъмурий жавобгарлик кодексининг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) бўйича баённома тузган. Карантинни бузганларга маъмурий чоралар кўрилган — улар жаримага тортилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Тошкент шаҳар ИИБ фуқаролардан карантин режими қоидаларига риоя қилишни талаб қилади.
Изоҳ (0)