Истаймизми йўқми, коронахабарлар барча ахборот сайтларининг бош мавзусига айланиб бўлди. Шу боис навбатдаги дайжестимизда ҳам хабарлар коронавирус мавзуси атрофида айланади. Ниқобни тақиб ва қўлни ювиб жойлашиб ўтиринг, хабарларимизни бошладик.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта ҳарбий хизматга чақирув вақтинча қолдирилди. Ушбу қарор коронавирус тарқалиши хавфини камайтириш учун қабул қилинди. «Бундан кўзланган асосий мақсад — вирус тарқалишига қарши курашиш. Чақирув учун номзодлар тиббий кўрикдан ўтади, уларнинг яқинлари маросимлар учун йиғилиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, чақирувни кечиктириш мақсадга мувофиқ, деб топилди», деб муносабат билдирган Мудофаа вазирлиги вакили.

* * *

Мамлакат бошига синов тушганда уламолар мусулмонларни огоҳликка чорлаб, тез-тез уйда ўтириш ва карантинга риоя қилишни тавсия этиб турибди. Бироқ бу давосиз дардни йўқотишларсиз ўтказамиз, дейиш жуда соддаликдир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари коронавирусдан вафот этиш ҳолати билан боғлиқ тегишли фатволар ва тиббиёт соҳаси мутахассислари билан кенгашган ҳолда коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш борасида қандай йўл тутилишини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариат кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинади. Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади. Шунингдек, марҳумнинг энг яқин қариндошлари маросимда ҳозир бўлади. Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилиши, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланиши ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажариши лозим.

Фото: «Дарё»

Мазкур амаллар фарзи кифоя маъносидаги ишлар бўлиб, баъзи мусулмонлар амалга оширса, қолганларидан соқит бўлади.

* * *

Вирус тарқалишининг олдини олиш учун кундан кунга чоралар қатъийлашмоқда. 24 март куни Тошкент шаҳрини вилоятлар билан боғловчи барча постлар ёпилди. Кўп ўтмай Наманган ва Андижон шаҳарларига олиб кирувчи йўлларда карантин постлари ташкил этилди. Ушбу постларда транспорт воситалари дезинфекциялана бошланди. Орадан 2-3 кун ўтиб, Самарқанд ва Бухорога кириш ва чиқиш ҳам тўхтатилди. Шу куни Навоий ва Зарафшон ҳам транспорт учун ёпилди. Транспорт ҳаракатини чеклаш аста-секин кичик шаҳар ва туманларда ҳам жорий этила бошланди. 30 мартдан эса бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтишда, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларига автотранспорт воситалари кириш-чиқиши батамом тўхтатилади. Фақат белгиланган турдаги автомобиллар давлатнинг махсус стикери билан ҳаракатланишига рухсат берилади, деб ёзди Telegram’да ташкил қилинган «Коронавирус.инфо» канали. Дарвоқе, икки ҳафта ичида ушбу канал муштарийлари сони 1 миллион 200 мингдан ошди.

* * *

Ўзбекистон Марказий банки коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискини юмшатиш бўйича қўшимча чоралар қабул қилди. Марказий банк барча кредит ташкилотларига жорий қилинган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор – жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан 2020 йил 1 октябрга қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш ҳамда муддати ўтган қарздорликларни кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмасликни тавсия қилди. Шунингдек, кредит ташкилотларига юқоридаги тавсияларга асосан шартлари қайта кўриб чиқилган кредитлар сифатининг таснифини ўзгартирмаслик ҳуқуқи берилди.

Маълумки, нақд пул вирус ташувчи асосий воситалардан бири, балки энг фаолидир. Марказий банк шундан келиб чиқиб, тижорат банкларига банк кассаларига келиб тушган нақд пулларни камида бир ҳафта муддатда пул омборхоналарида алоҳида (хонада ёки стеллажларда) сақлашни тавсия қилди. Бу ҳам коронавирус тарқалишининг олдини олади.

* * *

26 март куни президент Шавкат Мирзиёев коронавирус бўйича Ўзбекистон халқига яна бир бор мурожаат қилиб, зарур кўрсатмаларни бериб ўтди. Президент нутқида карантин даврида инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилишини алоҳида таъкидлади.

Карантин амал қиладиган муддатда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда фаолият олиб бораётган шифокорлар, эпидемиологларга ҳар ойда қўшимча 25 миллион сўм, ҳамшира ва лаборантларга 15 миллион сўм, санитар ходимларга 10 миллион сўм ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм рағбатлантириш тўловлари берилиши, бундан ташқари, беморлар билан ишлаш вақтида коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимларига 100 миллион сўм миқдорида алоҳида тўлов белгиланиши, айниқса шифокорларни қўллаб-қувватлашнинг амалдаги исботи бўлди.

Фото: Тошкент ҳарбий округи

Афсуски, карантинни писанд қилмасдан, одам тўплаб тадбир-маросим ўтказаётганлар ҳалигача учраб турибди. Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшвчи аёл Умрадан қайтиб, 120 кишилик катта маросим ўтказган. Оқибатда унинг оила аъзоларидан тўрт кишида вирус аниқланган. Президент буни ҳам нутқида эслаб ўтди.

* * *

Хитой ўн кунда шифохона қурган бўлса, Ўзбекистон беш кунда шифохона қуриб битказишга бел боғлади. Шифохона вагон-контейнерлардан қурилди. 27 март куни биринчи бўлиб Тошкент вилоятидаги ушбу янги шифохонага 650 нафар фуқаромиз жойлаштирилди.

Бу қурилиш соҳасида ўзига хос рекорд бўлди. Битта контейнер ясашга 6-7 соат вақт сарфланади. Контейнерларнинг том қисмига махсус изоляция материали ўрнатилган бўлиб, у контейнер ичида зарур микроиқлимни яратишга кўмак беради. Шунингдек, уларнинг ҳар бири ҳожатхона, душ ва кондиционер билан жиҳозланган. Контейнерлар манзилга фойдаланишга тайёр ҳолатда етказилади. Фақатгина телевизорлар жойида ўрнатилади.

Аҳамиятлиси шундаки, контейнерлар турли мақсадларда қўлланиш учун мос ҳолда ишлаб чиқарилмоқда ҳамда улар коронавирус инфекцияси устидан ғалаба қозонилганидан кейин ҳам ишлатилиши мумкин. Шифохона ҳудудига кириб-чиқаётган ҳар бир автомобиль иккита махсус машина ёрдамида дезинфекция қилиняпти. Ишчилар эса тепловизорларда текширилиб, гигиена воситалари билан таъминланмоқда.

Ўзбекистон яна ўнта шундай шифохона қуриб фойдаланишга топшириши режалаштирилган.

* * *

Афсуски, бу ҳафтада мамлакатимизда коронавируснинг биринчи қурбони ҳам кузатилди. Наманганлик 72 яшар онахон 27 март куни инфаркт оқибатида дунёдан ўтди. Унга вирус Туркиядан қайтиб карантинга олинган қизидан юққан экан. Беморда коронавирус белгилари 26 мартгача сезилмагани диққатга сазовордир. Хўш, аёл инфарктдан кўз юмдими ёки коронавирусданми? Бу борада ёш биолог олим Бахтиёр Шералиевнинг фикрини тақдим этамиз.

Хўш, бу ўлимни коронавирус сабаб юзага келган ўлим деб малакаласак бўладими? Албатта. Чунки вируснинг ўзидан ҳеч ким ўлмайди. ЖССТ маълумотига кўра, дунё бўйича коронавирусдан вафот этаётганларнинг аксариятини илгаридан юрак-қон томир тизимида муаммоси борлар ва диабет билан оғриганлар ташкил этмоқда. Демак, бизда коронавирусдан биринчи ўлим ҳолати бор, буни яширишга ҳожат йўқ. Агар бу инфактдан вафот этди, дейдиган бўлсак, унда бизда ҳеч қачон вирусдан ўлганлар бўлмайди. Юқорида айтганимдек, ҳеч ким вируснинг ўзидан ўлмайди, балки унинг оқибатида келиб чиқадиган асоратлардан ўлади.

Кейинроқ биринчи бемор билан контактда бўлган 39 ёшли шифокор ҳам вафот этди.

Хабарни якунига етказаётганимизда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 144 нафарга етганидан хабар топдик.

Бу рақам янада ошиши мумкин, бироқ оширмаслик ўз қўлимиздадир. Уйда қолинг, қўлингизни мунтазам совунлаб ювинг, заруратсиз жамоат жойларига чиқманг, одамлар билан қўл бериб кўришманг, ижтимоий масофани сақланг. Бозор ва дўконларда тиқилинчларни юзага келтирманг. Ўзингизда коронавирус аломатларини сезсангиз, зудлик билан шифокорни чақиринг ва одамлардан узоқлашинг. Саломат бўлинг.

Келинг, дайжестимизни позитив оҳангда якунлаймиз. Даволанаётган фуқароларимизнинг етти нафари тузалди. Бу жараёнда жонбозлик кўрсатган шифокорлар тақдирланди.

Мавзуга доир: