2020 йил 28 мартдан 5 апрелга қадар Наманган шаҳридаги мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилот, муассаса ва идораларда таътил эълон қилинади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров телевидение орқали аҳолига мурожаатида маълум қилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Ушбу кунлар мобайнида Наманган шаҳри фуқароларидан кўчага чиқмасликлари талаб этилади.

Бу чекловдан давлат ва ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда солиқ, банк каби иқтисодиёт идораларида ишловчиларгина мустасно қилинади.

«Фуқароларимизга мана шу 9 кун мобайнида ўта заруриятсиз кўчага чиқиш та’қиқланади», — дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган фуқаро ўлими билан боғлиқ илк ҳолат ҳам Наманган шаҳрида қайд этилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 27 март соат 20:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 88 нафарга етган, республикада жамоат жойларида ниқоб тақмаган 178 киши 61,8 миллион сўм жаримага тортилган. Ўзбекистонда ўта заруратсиз уйдан чиқиш ва кўчада 3 нафардан ортиқ бўлиб тўпланиш тақиқланган.