«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» рукни доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Альбер Камюнинг «Вабо» романи ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Wikipedia

Флешбэк

Альбер Камю шахсиятим шаклланишида улкан ҳисса қўшган буюк ёзувчи. Мен уни ҳамиша ўзимнинг топ-листимда биринчи ўринга қўйиб келганман. Унинг асарларини таҳлил қилишдан эса устозининг ишига баҳо беришдан уяладиган шогирд мисол ҳайиқар эдим. Аммо бугунги кундаги коронавирус балоси ушбу асарни таҳлил қилмасликнинг иложини қолдирмади.

Асар ҳақида

«Вабо» романи буюк француз адиби Альбер Камю томонидан 1947 йилда ёзилган. Муаллифга кўра, асардаги вабонинг мазмуни Европанинг нацизм ва фашизмга қарши курашидир. Аммо бу унинг таркибини тугатмайди. Альбер Камю таъкидлаганидек, у «ушбу вабонинг аҳамиятини бир бутун бўлиш учун кенгайтиради». Бу нафақат вабо, балки ёвузлик, ҳаётнинг ҳар доим ўзига хос бўлган ажралмас хусусиятдир.

Сюжет

Романнинг сюжети Оран шаҳрида (Жазоир) вабо тарқаган йилдаги воқеалар ва шаҳар аҳолисини азоб-уқубат ва ўлим тубига тортган даҳшатли эпидемия устига қурилган. Бу ҳақда Доктор Ре – фақат далилларни тан оладиган одам ҳикоя қилади. У фақат ақл ва мантиққа эътиборини қаратади, ноаниқлик, бетартиблик ва бемаъниликни тан олмайди. Ре шифокор, у беморларга ёрдам беради, ўз ҳаётини хавф остига қўяди.

Таҳлил

Альбер Камюнинг «Вабо»си бизга нимани ўргатади? Аслида, энг ёмон эпидемиялар биологик эмас, балки ахлоқийдир. Инқирозли вазиятларда энг ёмони пайдо бўлади: бирдамликнинг йўқлиги, худбинлик, ақлсизлик. Аммо энг яхшиси ҳам шунда пайдо бўлади. Ҳар доим яхши одамлар бор, улар ўзларининг фаровонлигини бошқаларга ғамхўрлик қилиш учун қурбон қилади. 1947 йилда нашр этилган «Вабо» Иккинчи Жаҳон урушининг асорати бошлаган оғриқларга жавоб эди.

Оран шаҳрида ҳар куни юзлаб одамларнинг ҳаётини олиб кетадиган ҳалокатли эпидемия тарқалади. Касалликнинг тўхтовсиз тарқалиши шаҳар расмийларини қаттиқ изоляцияни қўллашга чорлайди. Ҳаммаси 16 апрелда бошланади. Ўша пайтда Оран ҳаёт жонли бўлган гўзал шаҳар эди. Ҳеч ким шаҳарда бошқаларнинг ҳам борлигини пайқамасди. Унинг аҳолисида жамоатчилик тушунчаси умуман йўқ. Улар фуқаролар эмас, балки моддият тўплаш учун ҳатто уйқудан кечган одамлар эди. Улар учун моддий фаровонлик ахлоқий камолотга интилишдан кўра оқилонароқ мақсадга ўхшарди.

COVID-19 ёки коронавирус деб аталмиш бало узоқ вақт уйда қолувчи кўплаб ўқувчиларни «Вабо»ни биринчи марта ёки қайта ўқишга ундайди. Касаллик ҳар доим бор, аммо биз бу фақат бошқаларга таъсир қилади деб ўйлаймиз. Энди бу барчанинг иши. Биз даҳлсиз эмасмиз.

Жазоирлик француз бўлган Камю «Вабо»да ўз даври ва ватанини тасвирлайди, аммо унинг романи вақт ва макондан ташқарига чиқиб, универсал метафора мақомини олиб бўлган. Унинг фикрлари ҳозирги кунларда айниқса фойдали. Камю ҳалокатли эпидемиянинг бошланиши бизни ўз вақтида мулоҳаза юритишга мажбур қилишини кўрсатади. Вақт ҳеч қачон бизга мослашмайди. Биз уни бошдан кечиришни ўрганишимиз керак. Йўқотилган вақтни эса қайтариб бўлмайди.

Касаллик ва ўлимни кутиш бизга ўзимиз жавоб беришдан қочиб юрадиган муҳим саволларни беради. Камю Худо йўқ деб ишонади, бу имонсизликнинг ифодасидир, аммо у скептитсизм ҳам бизни озод қилмаслигига билади. Худога нисбатан шубҳаланиш бизни ожиз қилиб қўяди. Вабонинг бош қаҳрамони Доктор Ренинг фидокорлиги биз инсонларнинг ўз эгойимизга жуда катта аҳамият беришимизни кўрсатади. Инсоннинг буюклиги унинг шахсий амбицияларида эмас, балки севиш қобилиятининг устида ётади.

Азобларда умуман гўзаллик йўқ, лекин улар шубҳасиз кўзимизни очади ва бизни ўйлашга мажбур қилади. Ре беморларининг ўлимини кўришга одатланмаган. Унинг фикрича, ўлаётган одамнинг сўнгги нафаси ҳаётнинг яхшилигига рад этиб бўлмайдиган эътироздир. Ҳаёт бемаъни, мантиқсиз. Инсон ақл-идроки уни янада аянчлироқ қилиб кўрсатади, чунки интеллектуал ривожланган жуда кўп одамларга унинг интеллекти коинот тасодифлар ортидан бошқарилишини кўрсатади.

Камю илоҳий нуқтаи назарга эга бўлмасдан туриб амалга оширилган инсониятнинг барча ғалабалари, вақтинчалик эканини тан олади. Якуний ва тўлиқ ғалаба бу – ўлим. Ре учун мавжудлик фақатгина «чексиз мағлубият»дир. Унинг фалсафаси шунга асосланади. Ундаги бу эътиқод инсониятга кўпроқ ёки озроқ таъсир қиладиган жисмоний ва ахлоқий азоб-уқубатлар билан қувватланади.

Камюнинг фикрича, ёмонлик ва бефарқлик хайрли ишлардан кўра кўпроқ зарар келтиради. Аслида, инсон табиатан ёвуз эмас, шунчаки унинг айрим жабҳалардаги билимлари етарли эмас. Унинг энг қабиҳ ишлари жоҳилликдан, билимсизликдан келиб чиқади. Бу Камю ўз ибораси билан тасдиқлаган Сократик интеллектуализмнинг тезисидир: «бирон-бир тушунчага эга бўлмасдан туриб ҳақиқий яхшилик ҳам, ҳақиқий севги ҳам бўлмайди».

Эпидемия тарқаган пайтдаги ахлоқ нима? Бу унга қарши ҳалоллик билан курашишдир. Инсоннинг барча камчиликларига қарамай, унинг ҳаёти учун курашиш. Бу жангда мафкуравий фанатизм фақатгина халақит беради. Вабо ўтиб бўлганидан кейин у ёдимизда қандай бўлиб қолади? Эҳтимол, қонли ва чексиз гулхан кабидир? Йўқ, бу «доимий равишда оёқ остида эзғилаш»га ўхшайди. Бирор киши ўша кунларни титроқ билан ёдга олганида, инсон ҳаётининг мўртлигини эслайди.

Вабо нафақат даҳшатни, балки чарчоқни ҳам келтириб чиқаради. Дастлабки даҳшат ёки жасорат, нолойиқлик ёки қаҳрамонлик туйғуларидан сўнг якдиллик билан монотонлик ҳисси пайдо бўлади. Чексиз кулфатларнинг қўлида бўлиш ва тақдиринг ҳал бўлганини ҳис қилиш туйғуси, инсондаги сезгирликни пасайтиради. Одам орқага чекинади, руҳ ухлаб қолади ва биологик жараёнлар рационалликнинг жойини эгаллайди.

Монотонлик ҳамма нарсани ўз ичига олади, бу эса севги ва ақлни идрок этиш қобилиятини йўқ қилади: «Шаҳар уйқудан уйғонганлар билан тўлиб-тошган эди, улар, аслида, ўз тақдиридан қочиб қутулолмайди. Шунчаки, уларнинг ёпиқ жароҳатлари очилиб кетган бўлса керак.» «Вабо» қадриятларнинг йўқ қилиниши билан тугайди. Одамлар, кушхонадаги сўйилишини сезиб турган, аммо бунга қарши ҳеч нарса қилолмайдиган молнинг онг даражасигача тушади.

Ҳозирги Ғарбдаги оила инқирози тобора кўпроқ одамларнинг ёлғиз қолишига олиб келди. Катта шаҳар жойларда одамлар кичкина квартираларда яшайди ва умумий жойларда зўрға саломлашади. Шаҳарлар эса ёлғизлик билан бир хил суръатда ўсмоқда.

Доктор Ре ва унинг дўсти Тарру ёш боланинг азоб-уқубатларини кўрганида, Ренинг умидсизликка бўлган чидамлилиги, ғазабланган норозиликка айланади: «Улар болалар ўлимини биринчи марта кўраётганлари йўқ, зеро, шаҳарда бир неча ойдан бери қутураётган ваҳшат ўз қурбонларини фарқлаб ўтирмайди, аммо бугун эрталаб биринчи марта гўдак қийналишини дақиқама-дақиқа кузатиб турдилар. Ва албатта, бегуноҳ жонзотни йиқитган дардни улар қандайдир бир шармсорлик сифатида ўзларига олди. Аммо шу пайтгача бу шармсорлик алланечук мавҳум эди, улар шу пайтгача гўдакнинг жон таслим қилишини бунча узоқ кузатмаган ва ажалнинг юзига тик қарамаган эди».

Руҳоний Паню ҳамдардлик билдиради: «Бу чиндан ҳам қаршилик уйғотади, зеро, бизнинг инсоний ўлчовларимизга сиғмайди. Лекин эҳтимол биз ақл билан етолмайдиганни ҳам севишга мажбурдирмиз». Доктор Ре бу фикрни қабул қилмайди: «Йўқ ҳазрат, севги ҳақида шахсан менинг тасаввурим бошқача. Мен худонинг болаларга азоб берадиган дунёсини ҳатто ўлим тўшагида ҳам қабул қила олмайман».

Кейинроқ у Худонинг иноятини билмаслигини тан олади ва руҳоний унга инсон учун курашаётганини айтганида, у бундай баландпарвоз гапларни ёқтирмайди ва  фақат инсон соғлиги учун курашаётганини айтади. Достоевский сингари Камю ҳам «боланинг азобидан бошқа муҳим нарса йўқ»лигига ва «қувонч чексизлиги» буни ўрнини боса олмаслигига ишонади. Ҳазрат Панью бунга эътироз билдиради: «болаларнинг изтироблари бизнинг аччиқ нонимиздир, аммо бу нонсиз бизнинг руҳий очлигимиз ҳалок бўлади». Ре авлиё бўлишни ёки қаҳрамон бўлишни истамайди, у фақат одам бўлишни ва вабога мағлуб бўлганлар билан бирдам бўлишни хоҳлайди.

Вабо авж олмоқда, бошқа ҳеч ким Худо ҳақида гапиришга журъат этолмайди. Фақатгина суст ва етарли бўлмаган миқдордаги умид қолади. Камю «инсоннинг вабо ва ҳаёт ўйинидан олиши мумкин бўлган барча нарса – бу билим ва хотирадир» деган хулосага келади. Бироқ сиз фақат билганингиз ва эслаганингиз билан яшай олмайсиз. Агар биз ҳеч нарсани кутмасак, ўлимни енгиб бўлмас чегара сифатида қабул қилсак, унда мавжудлик аҳамиятсиз бўлиб қолади.

Биз одамлар пулни, обрўни, меҳрни, ва ҳатто ҳар дақиқа бизни тубсизликка қадам қўяётганимизни билдирсада, соатларни ҳам ҳисоблашни ўрганган қайғули мавжудотлармиз. Ҳамма одамлар қашшоқлик ва бахтсизликда биродарлардир. Аммо Камю буюк гуманист сифатида одамларни айбламайди, У «Инсонлар нафратдан кўра кўпроқ ҳурматга сазовор бўлган нарсаларга эга» деган эди ўзининг  «Ижод ва эркинлик» тўпламида.

Ҳақиқатан ҳам «Вабо» буюк асар, у бизни саволлар остонасига олиб келади. Камю бизга жавоб бермайди. У бизни ўйлашга ундайди. Ёлғиз бўлишни билмаган киши эса ҳақиқий эркинлик нима эканини билолмайди. Биз қўрқувга енгилмаслигимиз керак. Карантинга ажратиб қўйилганимиздан афсусланмаслигимиз керак. Бу ўзимизни ўрганиш ва ҳаётнинг маъносини излаш учун яхши имкониятдир.

Хулоса

Вабо – бу фактлар билан эмас, балки ғоялар билан кўпроқ боғланган фалсафий, экзистенциал роман. Асар оҳанги ҳам жуда яхши қабул қилинади. Бу ўлим контекстидаги ҳаётнинг маъноси ва касаллик ҳақида, бизнинг орзуларимиздаги, ҳаракатларимиздаги бахтнинг маъноси ҳақида, виждон, ҳалоллик ва приоритетларимиз ҳақидаги роман. Китоб, шунингдек, бостириб келаётган душманга (нацизм, ҳар қандай тоталитаризм) қарши ҳамкорликнинг аллегорияси сифатида ёки ҳаётда мавжуд бўлмаган можаролар, хавф-хатарлар, эътиқодий муносабат масалаларини боғлайдиган, бемаъни ва баъзан параноидал дунёда юзага келадиган тўқнашувларга нисбатан жаҳлдор реакциянинг қизғин портрети сифатида ҳам кўрилиши мумкин.

Иқтибослар

  • Сенинг келишингни билганим учун, қанча керак бўлса шунча кутишим мумкин;
  • Шаҳар билан танишишнинг энг қулай усули, бу ерда қандай ишлашларини, бу ерда қандай севишишларини ва бу ерда қандай ўлишларини аниқлашга ҳаракат қилишдир;
  • Уруш бошланганда одамлар, одатда, шундай дейишади: «Хўш, бу узоқ давом этмайди, чунки бу жуда аҳмоқона». Дарҳақиқат, уруш ҳақиқатан ҳам жуда аҳмоқона, аммо бу уни узоқ вақт давом эттиришга халақит бермайди;
  • Мен ёлғиз ўзим бахтли бўлишдан уяламан.

Қизиқарли фактлар

Камю адабиёт соҳасида Нобел мукофотини олган биринчи африкалик эди. Камю жазоирлик. У мукофотни 1957 йилда «Адабиётда инсон виждонининг аҳамиятини очиб беришга қўшган улкан ҳиссаси учун» олди. Ўшанда Камю 44 ёшда эди;

Альбер Камю ҳам худди Эрнест Хемингуэй, Владимир Набоков ва Виржиния Вулфлар каби китобларини тик туриб ёзарди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

              Мавзуга доир: