Ўтган бир сутка ичида Италияда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 627 кишини ташкил этди. Бу ҳақда Фуқаролик мудофааси департаменти раҳбари Анжело Бореллига таяниб, ANSA хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу мамлакатда коронавирус тарқалганидан буён бир сутка ичида ушбу касалликдан ўлим ҳолатлари сони бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
20 март ҳолатига кўра, Италияда жами 4032 киши коронавирус оқибатида вафот этган, шифохоналарда даволанаётган беморлар сони эса 37,8 мингдан ортиқ. Мамлакатда эпидемия бошланганидан буён, вафот этганлар ва соғайиб кетганларни қўшиб ҳисоблаганда, 47 021 киши коронавирусга чалинган.
20 март ҳолати бўйича Италия коронавирус оқибатида вафот этганлар сони бўйича Хитойни (3405 киши вафот этган) ортда қолдирди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 33 нафарни ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги илк беморлар соғаяётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 18 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида коронавирус бўйича халққа мурожаат қилганди.
Шунингдек, давлат раҳбари мазкур пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирларини камайтириш мақсадида зарар кўриши мумкин бўлган соҳалардаги компанияларга солиқ таътиллари берилиши режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
21 мартдан мамлакатдаги чойхона ва ошхоналар ёпилади, 23 мартдан тўйларнинг ўтказилиши бекор қилинади.
Изоҳ (0)