1990 йилдан бери амнезиядан азият чекиб келган хитойлик Чжу Цзямин коронавирус ҳақидаги телесюжетдан сўнг оиласини эслади, деб хабар берди «Корреспондент.net».
Эркак 30 йил аввал ўзи туғилиб ўсган Гуйчжой провинциясидан Хубэйга кетиб, ўша ерда қурилишга ишга жойлашган. У ўшанда бошидан жароҳат олган, шундан сўнг хотирасини йўқота бошлаган. Чжу Цзямин шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини ҳам йўқотиб қўйган эди. Хубэйда яшайдиган оиланинг унга раҳми келиб, уйидан жой берган эди.
Цзямин бир неча бор ўз исмини ва асли қаердан эканлигини эслашга уринган, бироқ бунинг уддасидан чиқмаган. У февраль ойида телевизорда коронавирус ҳақидаги янгиликларни кўриб ўтирганида, туғилиб ўсган шаҳрини кўриб қолди. Кутилмаганда Цзямин ўзи ҳақидаги ҳамма маълумотни эслади.
Эркак шу заҳотиёқ полицияга мурожаат қилди. Шундан кейин унинг оиласини топишди. Аниқланишича, Цзяминнинг отаси 18 йил аввал оламдан ўтган. У 83 ёшли онаси билан видеоқўнғироқ орқали гаплашди.
«Тириклигингдан хурсандман. Сени бошқа ҳеч қачон кўрмайман, деб ўйлагандим», — деди онаси унга.
Цзямин янги ҳужжатлари тайёр бўлиши билан онасининг олдига кетишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда эпидемиологик вазият кундан-кунга яхшиланмоқда. Хусусан, коронавирус тарқалиши ўчоғига айланган Хитойнинг Хубэй провинциясида ва Ухань шаҳрида сўнгги бир кун ичида касалик юқтириш бўйича бирорта янги ҳолат аниқланмади.
Бутун дунёда коронавирус юқтириб олганлар сони 200 минг кишидан, унинг қурбонлари сони эса 8 минг кишидан ошди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши вакциналарнинг илк синовлари бошланганини маълум қилди.
Изоҳ (0)