«Дарё» сайтида ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз. Ҳафта янгиликларга бой.
2020 йилнинг марти мамлакатимиз аёлларига улгуржи совғалар билан келди. Февралда бошланган аёлларни ҳокимликка тайинлаш анъанаси мартда ошириб давом эттирилди. Дилфуза Ўролова Сирдарёнинг Боёвут туманига, Наргиза Неъматова Бухоронинг Олот туманига, Садбархон Мамитова Андижоннинг Бўстон туманига, Мақсуда Мустафоева Қашқадарёнинг Қарши туманига, Зулайҳо Маҳкамова Наманганнинг Тўрақўрғон туманига, Гавҳар Алимова эса Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрига ҳоким этиб тайинланди. Айтиш жоизки, нозик жинс вакилаларини қисқа вақт ичида лавозимларга кўтариш яқин тарихимизда кузатилмаган. Президент Шавкат Мирзиёев уларга далда бериб, ҳеч нарсадан қўрқмасликни тайинлади ва «ишонаман — аёллар раҳбар бўлган туманларда адолат байроғи бошқача ҳилпирайди», деб айтди.
* * *
Сўконғич ҳокимларнинг товуши анчадан бери чиқмай қолгани учун аҳвол яхшилангани ҳақида яхши гумонга бориб ўтирганлар бор эди. Бироқ Миришкор ҳокими оптимистларга яна панд берди. Ҳоким Бахтиёр Ражабовнинг тарқалган янги «аудиозапис»идаги ҳақоратлардан мажлисдаги стол-стулларгача қизариб кетган. Ходимларнинг онаси-ю қизи қолмасдан чангитиб сўкади ва аудио охирида гурсиллаган товушлар жўр бўлади. Афтидан, Бахтиёр Ражабов нафақат кекирдагини, балки қўл-оёғини ҳам чўзган, бироқ унинг ўзи «сўкканим рост, аммо ҳеч кимга қўл кўтармадим», деб иқрорлик ҳам билдирди. Маҳалла раислари топшириқни бажармагани ва беписанд жавоб бергани учун «ўзини бошқаролмай» сўкиб қўйганини тан олди.
Бу орада Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати воқеага муносабат билдириб, «қонуний чора кўрилиши лозимлиги»ни урғулади. Бош прокуратура ҳам ҳолатни ўрганаётганини билдирди. Таниқли депутат Расул Кушербоев «Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ким бўлишидан қатъи назар раҳбарликка номуносиб, уқувсиз, билимсиз, тубан инсон эканлигини намоён этибди. Бу инсон ўзининг бугунги Ўзбекистон келажагини қуриб бўлмайдиган ва Президент обрўсини тўкадиган калтафаҳм, пасткаш шахс эканлигини намоён қилди», деб ёзди. Машҳур «ариққа тушириш» воқеаси билан танилган ва ҳозирда Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳам «Миришкорнинг зўравон ҳокими Қашқадарё вилояти номига доғ туширди», деб муносабат билдирди.
Шундай қилиб, Миришкорнинг навбатдаги сўконғич ҳокими бу ҳафтада ишдан олинди. Йиғилишда Зоир Мирзаев «ҳокимият биноси ҳақорат сўзларни ишлатиш ёки кимнидир сўкиш учун қуриб берилмаган», дея танбеҳ берди. Миришкорнинг аввалги ҳокими Равшан Комилов даладан сўроқсиз маккажўхори олаётган отахонни «иётсиз» дея ҳақоратлагани учун танилган ва кейинроқ бу иши учун узр сўраган эди. Мазкур воқеадан кўп ўтмай Равшан Комилов ўз лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнига Бахтиёр Ражабов тайинланганди, бироқ унинг даври ярим йилга ҳам бормади.
* * *
Бутун дунёда коронавирус ваҳимаси қўзғалиб турган вақтда Ўзбекистонда тинчлик экани кишини ажаблантиради. Қўшни Афғонистон ва Эронда коронавирусдан ўлимлар кузатилаётганда, Ўзбекистон билан чамбарчас алоқада бўлган Жанубий Корея ва Россия Федерациясида вирус юққанлар сони тобора ошиб бораётган бир маҳалда мамлакатимиз шифокорлари миқ этмаётганлиги шубҳа уйғотмасдан қўймайди. Бу ҳафтада Ўзбекистонга коронавирус кириб келгани хабари тарқалди. Вирус ҳақидаги яна бир хабар фарғоналик мухбир овози билан ижтимоий тармоқларда тарқатилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эътироз билдириб, 3 март ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар йўқлигини, бу борада тарқалган хабарлар асоссизлигини маълум қилди ҳамда назорат ўта кучли бўлаётганини билдирди. ССВ, шунингдек, фуқароларни вирусдан ҳимояланишга чорловчи SMS’лар юбормоқда.
* * *
2021 йилнинг 1 январидан бошлаб янги туғилган чақалоқларга, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берилади. ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. Чет элга чиқиш учун Ўзбекистон фуқаросининг чет элга чиқиш учун биометрик паспорти («загранпаспорт») берилади. 2030 йил 1 январдан бошлаб 2011 йилдаги Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспортлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Демак, биометрик паспортимиз яна 10 йил умр кўради.
* * *
Бу йилги 8 мартда хотин-қизларимизга алоҳида эътибор сезилди. Байрам муносабати билан 83 нафар маҳкума афв этилди. Шавкат Мирзиёев Олтиариқ туманидаги фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротовага телефон қилиб байрам билан табриклади. Шунингдек, кўплаб хотин-қизлар унвонлар билан мукофотланди. Мукофотланганлар орасида олимпиада чемпиони Оксана Чусовитина, Америка Қўшма Штатларининг Колумбия университети профессори Азиза Шоназарова, ҳаж зиёрати учун йиққан маблағини маҳалладошларига беғараз ёрдамга сарфлаган риштонлик тадбиркор Израбу Усмонова, қишлоқ аҳли учун ўз ҳисобидан кутубхона барпо этган сайхунободлик Гавҳар Ҳусанова кабилар бор.
* * *
Ҳафтамизнинг яна бир ўта муҳим янгилиги пахтага давлат буюртмасининг бекор қилинишидир. Президентнинг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади; пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади; пахта хом ашёси етиштирувчиларга раёнлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади; сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ва яна бешта пунктда ўзгаришлар санаб ўтилган.
Янгиликни қуллик бекор қилиниши билан қиёслашмоқда. Лекин... шу лекин боғловчиси доим оптимизмнинг белига тепади. Фермернинг кластерга ёки кластерлар мавжуд бўлмаган ҳудудларда ташкил этиладиган кооперацияларга боғлиқлиги сақланиб қолиниши эски тизим батамом тугатилмаганини билдиради.
* * *
Қарийб икки йилдан бери истар-истамас жавоблар бериб келаётганимиз Евросиё иттифоқига қўшилиш масаласи ҳам аниқ бўлди. Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилади. Бу қандай мақом?
Ўзбекистон вакили ҳукумат билан иттифоқ доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, техник, божхона, санитария ва фитосанитария регламентларини тартибга солиш, Комиссия ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича доимий алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашга масъул бўлади. Кузатувчи давлатнинг ваколатли вакиллари ЕОИИ таклифига биноан, иттифоқ органлари йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинган қарорлар билан танишиш (махфий ҳужжатлар бундан мустасно) ҳуқуқига эга. Кузатувчи мақоми иттифоқ органларида қарор қабул қилишда иштирок этиш имкониятини бермайди. Шу билан бирга, кузатувчи мақомини олган давлат ЕОИИ таъсис шартномасида кўрсатилган мақсад ва йўналишларга зид, иттифоқ ва унинг аъзо давлатлари манфаатига зарар етказадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт. Бугунги кунда ЕОИИга Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия аъзо. Молдова кузатувчи мақомига эга.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)