Колумбия ва Коста-Рикада биринчи марта коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилди
Колумбия ва Коста-Рикада биринчи марта янги турдаги COVID-19 коронавируси билан касалланиш ҳолати қайд этилди, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Колумбияда коронавирус Миландан келган 19 ёшли қизда аниқланган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг айтишича, Колумбия касаллик пайдо бўлишига саккиз ҳафта тайёргарлик кўрган ва эндиликда уни тўхтатиш фазаси бошланган.
Коста-Рикада эса коронавирус 49 ёшли АҚШ фуқаросида аниқланган. У мамлакатга турмуш ўртоғи билан 1 март куни Нью-Йоркдан учиб келган. Тахминларга кўра, у АҚШдалигидаёқ касалликни юқтириб олган.
Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 101 минг кишидан ошиб кетди. Касаллик оқибатида 3,4 минг одам вафот этган, уларнинг 3 мингдан ортиғи Хитой ҳисобига тўғри келмоқда. Дунё бўйлаб коронавирус аниқланган мамлакатлар сони 80 дан ошиб кетди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг ёзда бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги хабарлар ёлғонлигини маълум қилди. 6 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати аниқлангани йўқ. Мамлакатнинг у ёки бу жойида у ёки бу одам коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилгани ҳақида тарқалган хабарлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рад этиб келинмоқда.
Изоҳ (0)