Афғонистонда 6 март, жума куни, юз берган ва ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олишдан олдин «Толибон» вакиллари жиноятга алоқадорлигини қатъиян рад этган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум натижасида Кобулда бўлиб ўтган хотира маросими иштирокчиларидан 29 киши ҳалок бўлган, 61 киши жароҳат олган.
Ушбу тадбир Совет Иттифоқининг Афғонистонга босқини пайтидаги мужоҳидлар раҳбари Абдуллоҳ Али Мозорий хотирасига бағишланган ва мамлакатнинг амалдаги бош вазири Абдулла Абдулла иштирокида бўлиб ўтаётган эди. Тинчлик олий кенгаши раҳбари Муҳаммад Карим Халилийнинг маърузаси пайтида отишма овозлари эшитилган.
АҚШ ва «Толибон» ҳаракати 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган маросимда тинчлик битимини имзолади. Битимни АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва «Толибон» раҳбарининг ўринбосари, ҳаракатнинг Қатар сиёсий идораси раҳбари Мулла Абдуллоҳ Ғани Барадар имзолади. Бироқ АҚШ билан тинчлик ҳақида келишган «Толибон» 2 март куни ҳукумат кучларига қарши ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланганини эълон қилган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)