Швециянинг EF Education First компанияси Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштиришга 60 миллион доллар йўналтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 март, пайшанба куни, Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва EF Education First компанияси директори Карл-Йоханн Вестринг англашув меморандумини имзолаган.
Қайд этилишича, EF Education First компанияси инглиз тилини ўқитишга қаратилган турли ўқув дастур, методика ва педагогик ёндашувларни таклиф этувчи дунёдаги йирик ташкилотлардан бири ҳисобланади.
Мазкур меморандум доирасида томонлар истиқболли ҳамкорликни ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Жумладан, томонлар Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганишни хоҳловчи ўқувчи ҳамда ўқитувчилар билимини баҳолаб, малака ва кўникмаларини ошириш бўйича тренинглар ташкил этишда ҳамкорлик қилади.
Шу билан бирга, томонлар ўқувчиларнинг инглиз тили бўйича билимини баҳолаш ва уларга турли ўқув дастурларини тақдим этишни ҳам режалаштирган.
Меморандум доирасида томонлар Ўзбекистондаги ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши учун турли қўшма дастурлар ишлаб чиқишни кўзламоқдаю
Имзоланган ҳужжатда EF Education First компанияси Ўзбекистон мактабларида инглиз тилини ўқитишни такомиллаштириш учун 60 миллион доллар инвестиция киритишга тайёрлигини билдирган.
Вазирликнинг таъкидлашича, республикадаги мактабларда қарийб 5,38 миллион ўқувчи инглиз тилини хорижий тил сифатида ўрганади.
Изоҳ (0)