Тошкентда автобус ҳайдовчисининг йўловчи ташиш қоидаларини қўпол равишда бузиб, йўналишли такси билан пойга ўйнаши оқибатида йўловчи жароҳатланди.
«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизматининг хабар беришича, воқеа 21 февраль, жума куни, содир бўлган. 12-автобус саройи тасарруфидаги 130-йўналишда қатновчи автобус ҳайдовчиси М.У. йўналишли такси транспорт воситаси билан пойга ўйнаган. Ҳайдовчининг автобусни тўхтатишдаги кескин ҳаракати натижасида йўловчи Р.К. йиқилиб, жароҳатланган.
Автобус ҳайдовчиси йўловчи олиб юриш тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун унга нисбатан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан баённома тузилди. Ундан ташқари ойлик маоши ҳисобидан жаримага ҳам тортилган.
Бундан ташқари, 1-автобус саройи тасарруфидаги 15-йўналишда чиптачи бўлиб ишловчи К.Ф. ҳаракат вақтида автобус салонида тамаки маҳсулоти истеъмол қилгани учун ойлик маошидан жарима тўлайдиган бўлди.
Изоҳ (0)