Ўзбекистонда 2020 йилнинг 2 мартидан бошлаб савдо эквайринги учун комиссия тўловларини ундириш бошланди. Аввал хабар берилганидек, ушбу комиссия йиғими Uzcard ҳамда Humo тизимлари терминаллари орқали қилинган тўловлардан олинади.
Марказий банкнинг ёзишича, банк карталари орқали тўловлар амалга оширилишида халқаро тажриба бўйича воситачилик ҳақи, қоида тариқасида, банк картаси сақловчисидан (эгасидан) эмас, тўловларни қабул қилувчи савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларидан олинади.
Ушбу воситачилик ҳақи банкларга тўлов инфратузилмасига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш ва банклараро воситачилик ҳақини тўлаш имконини бериши таъкидланган.
Бу тадбир бир томондан тўлов инфратузилмасини ривожлантириш учун харажатларни қисман қоплашга, бошқа томондан банк карталари ёрдамида тўловларни мунтазам амалга оширувчи мижозларга турли бонус, дисконт ва рағбатлантирувчи дастурларни (кешбэклар) таклиф қилишга имконият яратади, натижада нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг кўпайишига олиб келади.
«Аслида бундай комиссия бутун дунёда ундирилади, аммо бизда ундай эмас эди. Humo’га , комиссия ундиришга рухсат берилди, лекин шунда ҳам банкнинг хоҳишига қўйиб берилди. Ўз мизожларини йўқотишдан қўрқиб банклар бундай комиссиядан воз кечиб келган. Умуман олганда эса бу жаҳонда нормал амалиётдир», — дея Smart Group компаниялар тармоғи («Винариба», «Манас», Steam bar, Green) асосчиси Санжар Мақсудов сўзларини келтилмоқда Spot.
Изоҳ (0)