Малайзия бош вазири Маҳатхир Муҳаммад истеъфога чиқди. Бу ҳақда Малайзия ҳукумати раҳбарининг баёнотига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.

Фото: Global Look Press

Баёнотда таъкидланишича, бош вазир Малайзия қиролига истеъфога чиқариш ҳақидаги илтимосномани йўллаган. Бошқа тафсилотлар маълум қилинмаяпти.

Аввалроқ етакчиси Маҳатхир Муҳаммад бўлган Малайзия ерларининг фарзандлари бирлашган партияси «Умид альянси» ҳукумат коалицияси таркибидан чиқиб кетган эди.

Reuters агентлиги вазиятдан бохабар учта манбага асосланиб хабар беришича, Маҳатхир Муҳаммаднинг ўзи ҳам ўз партияси таркибидан чиқади.

Маҳатхир Муҳаммад 1925 йилда туғилган. У 1981—2003 йиларда Малайзия ҳукуматига раҳбарлик қилган. У 2018 йили мухолифотдаги коалиция номидан ҳукумат раҳбари лавозимини эгаллаган эди. Ушбу воқеа арафасида Маҳатхир парламент сайловларида ғолиб чиқадиган бўлса, фақат икки йилга бош вазир бўлиши, сўнг ушбу лавозимни «Адолат» халқ партияси етакчиси Анвар Иброҳим эгаллашига келишиб олинган эди.

Ўша вақтда Анвар Иброҳим бесоқолбозликда айбланиб, қамоққа олинган эди. «Умид альянси»нинг парламент сайловидаги ғалабасидан сўнг, Малайзия қироли Муҳаммад Бешинчи Анвар Иброҳимни афв этди ва унга давлат лавозимларини эгаллашга рухсат берди.