Амазон асосчиси Жефф Безос иқлим ўзгаришларига қарши кураш учун 10 миллиард доллар ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда у Instagram’даги саҳифасида маълум қилди, дея хабар беради «РБК».
Миллиардерга кўра, иқлим ўзгаришлари «сайёра учун энг катта хавф» ҳисобланади. Шу сабабли у бошқа шахслар ва ташкилотлар билан иқлим ўзгаришларининг Ерга вайронкор таъсирига қарши янги услублар топиш мақсадида ҳамкорлик қилиш ниятида.
Ажратилган маблағ миллиардер томонидан тузилган «Безоснинг Ер фонди» жамғармасига йўналтирилади. Ушбу жамғарма грантлари мазкур муаммо устида ишлаётган олимлар, фаоллар ва нодавлат ташкилотларига ажратилади. Бу жараён ёз ойларида бошланиши мумкин.
Маълумот учун, Forbes рейтингига мувофиқ, Жефф Безос 129,9 миллиард доллар кўрсаткич билан дунёдаги энг бадавлат одам ҳисобланади. Иқлим ўзгаришларига қарши кураш учун ажратилган 10 миллиард доллар мол-мулкининг ўртача 8 фоизига тўғри келади.
Изоҳ (0)