Германия суди Tesla компаниясини Европадаги биринчи улкан завод — «Гигафабрика» қуриладиган жойда дарахтларни кесишни тўхтатишга мажбур қилди. Завод қурилиши Берлиндан 30 километр узоқликда режалаштирилган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Маълум қилинишича, судга «Бранденбург яшил лигаси» мурожаат қилган. Лиганинг фикрича, завод маҳаллий ёввойи табиат ва сув ҳавзаларига хавф солмоқда.
Суднинг қайд этишича, 92 гектарли ҳудудни тозалаш учун уч кун кетади, экологларнинг мурожаатини кўриб чиқиш учун ишларни тўхтатиш керак. Суд иши бўйича эшитувлар мазкур ҳафтада бўлиб ўтади.
Tesla’нинг заводи учун у қуриладиган Грюнхайд коммунасида 300 гектар ер ажратилган. Қайд этилишича, Tesla завод қурилиши учун ҳали расмий рухсатни олмаган. Германия Экология вазирлиги эса компанияга дастлабки тайёргарлик ишларини олиб бориш учун рухсат берган.
Европадаги дастлабки Tesla заводининг қурилиши ҳақида 2019 йилнинг ноябрь ойида маълум қилинган. Компания завод қуриладиган жойдаги кўршапалаклар, судралиб юрувчилар ва чумолилар колониясини кўчиришга ваъда берган.
Илон Маскнинг фикрича, Германиядаги завод жуда кўп сув сарф қилмайди. Унинг қайд этишича, ўрмон табиий эмас, у картон ишлаб чиқариш заводи учун экилган.
Аввалроқ Tesla акциялари коронавирус сабабли бир кунда 20 фоизга тушиб кетган эди. Бундан аввал у рекорд даражада қимматлашганди.
Изоҳ (0)