Ўзбекистонга сотиладиган бананларнинг деярли барчаси Эквадордан келтирилади. Хитой ҳеч қачон Ўзбекистонга банан етказиб бермаган, чунки у мазкур мевани экспорт қиладиган мамлакат ҳисобланмайди. Бу ҳақда EastFruit таҳлилчилари маълум қилди, дея хабар беради Spot.

Фото: EastFruit

Январь ойи охирда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга Хитойдан келтириладиган бананларда коронавирус инфекцияси борлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бу хабар айрим савдо нуқталарида банан нархи кескин тушиб кетишига олиб келди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда бошқа давлатларда етиштирилган бананлар ҳам Хитойнинг коронавирус ўчоғи бўлган Ухань шаҳрида сараланиши ҳақида маълумотлар тарқалди. Аслида Ўзбекистон учун мўлжалланган бананлар асосан Россияда сараланади. «Korzinka.uz» супермаркетлари тармоғи вакиллари ҳам бананлар Санкт-Петербург орқали Эквадордан келтирилишини тасдиқлади.

EastFruit таҳлилчиларига кўра, Ўзбекистон шундоқ ҳам банан энг кам истеъмол қилинадиган мамлакатлардан бири ҳисобланади: фуқаролар ўртача йилига атиги 700 грамм ёки 5 дона банан истеъмол қилади. Яъни, мамлакат аҳолисининг катта қисми умуман бананларни харид қилмайди.

Маълумот учун, коронавирус фақат тирик организмлар, жумладан, одамлар ёки жониворлар орқали ўтиши мумкин. Бананлар ҳатто Хитойда етиштирилган ёки сараланган бўлса ҳам, улардан вирус юқтиришнинг имкони йўқ.