Давлат архивларида сақланаётган 1917 йилгача бўлган тарихий давр архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Мазкур жараёнда тарихчи ва ҳуқуқшунослардан иборат экспертлар гуруҳи тузилиб, ҳар бир ҳужжат атрофлича ўрганилади ва сиёсий мақомга эга бўлмаганлари очиқланади. Ушбу дастурга II жаҳон уруши йиллари (1939—1945 йиллар) ҳам киритилган. Бу ҳақда 10 февраль куни АОКАда «Ўзархив» агентлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.
«Шу кунларда агентлик томонидан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлашда иш ҳақи ва иш стажи тўғрисидаги архив маълумотномаларини олиш бўйича ягона ахборот тизими яратилмоқда. Шунингдек, давлат архивларига ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларни юбориш ва уларнинг жавобларини олиш билан эндиликда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман, шаҳар бўлинмалари шуғулланади. Фуқароларга давлат архивларидан маълумотнома олиб келиш талабини қўйиш бекор қилиниши кўзда тутилмоқда. Натижада, аҳолининг кўп вақт сарфлаб, сарсон бўлишига чек қўйилади ва қатор қулайликлар яратилади», – деди «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов.
Изоҳ (0)