Наманганда давлат хизматлари марказлари томонидан ўтган йили миллионга яқин, аниқроғи, 941 256 та мурожаат кўриб чиқилди. Бу 2018 йилга нисбатан икки баравар кўп, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.
ДХА вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ҳусниддин Аҳмедовнинг маълум қилишича, мурожаатларнинг асосий қисми ИНН олиш, болаларни мактабгача таълим ташкилотига жойлаш, тадбиркорлик тузилмаларини рўйхатга олиш, ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгилашдан иборат.
Давлат хизматлари марказларида фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида онлайн навбат жорий этилган. Марказга келган мижозлар истагига кўра навбатсиз хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган. Бунинг учун белгиланган миқдорда, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизидан 45 фоизигача тўловни амалга ошириш кифоя.
«Дарё» мухбирининг авваллари бошқарма ва марказлар ходимлари иш вақти меъёрланмаганидан нолигани, ҳозирда бу борада аҳвол қандай эканлиги ҳақидаги саволига жавобан иш вақти меҳнат кодексига биноан ташкил этилгани, яъни соат 09:00 дан 18:00 гача давом этаётгани, зарурат туғилган тақдирда жадвал асосида навбатчилик ташкил этилиши, шанба-якшанба — дам олиш кунлари эканлиги билдирилди.
Давлат хизматлари марказларида иш ҳақи ўртача 2,5—3 миллион сўм атрофида бўлгани ва пуллик хизматлар ҳисобидан қўшимча рағбат пуллари ҳам берилгани боис, уларда ишлаш истагида бўлганлар кўп. Журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида айтилишича, бўш иш ўринлари ҳақида агентлик сайти ва ижтимоий тармоқларда мунтазам эълонлар бериб борилади. Номзодлар билан суҳбат ўтказилади ва холисликни таъминлаш учун бу жараён онлайн тарзда амалга оширилади.
Ҳозирда вилоят маҳаллаларида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб давлат хизматлари марказлари инфокиоскларини ташкил этишга тараддуд кўрилмоқда. Шунингдек, олисда жойлашган Поп туманининг Чодак ва Чортоқ туманидаги Балиқликўл қишлоқларида алоҳида шохобчалар очилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)