Беш йил олдин вафот этган, мумиёланган одам жасади Москва марказидаги хонадондан топилган, деб ёзмоқда «РИА Новости».
Тахминларга кўра, эркак 2014 йил декабрь ойида вафот этган. Терговчилар ҳолат юзасидан суриштирув ва текширув ишларини бошлаган.
«Московский комсомолец» газетаси маълумоти бўйича, ўлган одам франциялик оқсуяк маркиз де Лафит де Пельпор авлоди бўлган 79 ёшли Сергей Пельпор бўлган.Қўшниларнинг ҳикоя қилишича, кўп қаватли уйнинг йўлакларида уч-тўрт йилдан бери қўланса ҳид бўлган. Улар ушбу ҳид ит боқувчи хонадон эгаларининг ҳайвонларидан анқийди деб ҳисоблаган. Кейинчалик бунга итлар сабаб эмаслиги аниқлангач, полицияга мурожаат қилинган. Якунда квартирада ўлган маркизнинг жасади борлиги маълум бўлган.
Маркизнинг қариндошлари у руҳий соғлом бўлмаганини билдирган. У ўзини таъқиб қилишаётгани ҳақида кўп гапирган. Шу сабабли 10 йил давомида яқинлари билан умуман мулоқот қилмаган. Олимнинг оиласи ҳам фарзандлари ҳам бўлмаган.
Сергей Дмитриевич илм-фан билан машғул бўлган ва Бауман номидаги Москва давлат техника университетида автоматик бошқарув кафедрасида ишлаган. Доцент илмий унвонига эга олимни ҳамма ҳурмат қилган.
Марҳумнинг бобокалони — Луи де Лафит де Пельпор (Парижда ушбу оқсуяклар фамилияси номи билан аталган метро бекати ҳам бор) ҳисобланади. Наполеон Россияга юриш қилган вақтда Луи Витебск бўйида яраланган ва асирга тушган. Маркиз урушдан сўнг Россияда яшаб қолган ва бу ерда немис аёлига уйланган.
Мавзуга доир: Тошкентда мумиёга айланган аёл жасади топилди
Изоҳ (0)