Фарғона кўчаларида махсус радарлар билан жиҳозланган патруль автомашиналари ҳаракатланишни бошлади. Улар йўл-йўлакай белгиланган тезликка амал қилмаган транспорт воситаларини аниқлайди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти ИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларига ҳаракатланиш вақтида белгиланган тезликка амал қилмаган транспорт воситаларини аниқловчи мультирадар қурилмаси билан жиҳозланган 5 та Nexia-3 автомобиллари топширилган.
Бундан ташқари, йўл-патрул хизмати инспекторларига Tracker, Gentra, Cobalt, Nexia-3 каби 9 та янги хизмат автомобиллари ҳам берилган.
Қайд этилишича, мазкур хизмат автомашиналари тўлиқ алоқа воситалари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармонлар ва тиббий ускуналар, фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун қайчи, лом, ёритгич, йўл транспорт ҳодисаси рўй берганда ҳудудни чегараловчи махсус белгилар билан таъминланган.
Шунингдек, ЙҲХБ ходимлари 3 дона кўчма ва 2 дона стационар фоторадар қурилмаларини қабул қилиб олишди. Айни пайтда вилоят ЙҲХБ тасарруфида бу каби радарлар сони 9 тага этган.
Маълум бўлишича, мазкур турдаги кўчма радарлар томонидан 2019 йил охирига қадар 150 192 та қоидабузарлик ҳолати қайд этилган. Шу асосда 59 миллиард 61 миллион сўм жарима белгиланган. Белгиланган жарималарнинг 41 миллиард 60 миллион сўми ундирилган.
Изоҳ (0)