Ижтимоий тармоқларда умумтаълим мактабларида болалар томонидан коронавирус тўғрисида диктант ёзаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Халқ таълими вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади.
Вазирликдан қайд этишларича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аҳолини коронавирус касаллигидан муҳофаза қилиш учун тавсиялар ишлаб чиқилган. Мазкур тавсияларни ёш авлодга содда тилда етказиш мақсадида мактабларда диктант ёзиш тадбирлари ташкил этилган.
«Диктант ёзиш давомида ўқувчилар коронавирус юқиш йўллари ва унинг тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган чоралар ҳақида маълумотлар олади. Жумладан, болаларга мунтазам қўл ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш кераклиги уқтирилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, бугунги кунга қадар Ўзбекистон фуқаролари орасида инфекция қайд этилмаганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)