Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ 21—31 январь кунлари давомида мамлакат ҳудудида юз берган йўл транспорт ҳодисалари бўйича статистик маълумотларни тақдим этди.
Бошқарма маълумотларига кўра, 10 кун ичида жами 125 ЙТҲ содир этилган, уларда 54 киши ҳалок бўлган, 93 нафари турли даражада тан жароҳатлари олган. 11—20 январь кунлари 141 ЙТҲ содир этилиб, уларда 25 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Энг кўп (жами 23 та) ЙТҲ Тошкент шаҳрида кузатилган, шунингдек, Тошкент вилояти (16 та), Фарғона (12 та), Наманган (12 та) ва Қашқадарё (10 та) вилоятларида эса ЙТҲлар нисбатан кўп қайд этилган. Қолган ҳудудларда ўртача 3 тадан 9 тагача ЙТҲ содир бўлган.
ЙТҲлардан 55 таси пиёдалар, жумладан 12 бола, 2 таси маст ҳайдовчилар иштирокида содир бўлган.
ЙТҲларнинг 33 таси пиёдаларнинг йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтиши, 17 таси ҳайдовчининг пиёдани кўрмай қолиши, 16 таси белгиланган тезликка риоя қилмаслик, 14 таси ҳаракат давомида йўналишни ўзгартириш, 11 таси ёмон об-ҳаво шароити, 8 таси ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши, 6 таси қувиб ўтиш қоидаларининг бузилиши сабабли юз берган.
Изоҳ (0)