Хитойнинг Пекин шаҳрида одам саломатлиги билан боғлиқ фавқулодда вазиятга эътибор қаратишнинг энг юқори даражаси («I») эълон қилинди. «Коммерсантъ»нинг ёзишича, бу ҳақда шаҳар соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбари Лэй Хайчао маълум қилган. Ҳукумат янги коронавирус тарқалгани сабабли шундай қарорга келган.
Лэй Хайчаонинг таъкидлашича, ҳозирда Пекинда коронавирус билан касалланиш бўйича 29 та тасдиқланган ҳолат қайд этилган. Беморлардан бири оғир аҳволда, қолганларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус келтириб чиқарган пневмония оқибатида вафот этганлар сони 25 кишига етди, касалланганлар сони 800 нафардан ошди.
Коронавирус туфайли Хитойда 13 та шаҳар ёпиб қўйилди. Уларнинг энг йириги Ухань бўлиб, касаллик дастлаб 12 миллион аҳолига эга айнан шу шаҳарда пайдо бўлган. АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Таиланд, Сингапур, Гонконг, Макао ва Тайванда ҳам касалланиш ҳолати қайд этилган.
Изоҳ (0)