Президент Шавкат Мирзиёев парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида ишсизликни 7 фоизгача камайтириш ҳукумат олдидаги энг муҳим вазифалардан бири эканлигини маълум қилди.
«Айтилган барча режаларни рўёбга чиқариш ҳисобига ишсизликни 7 фоизгача камайтириш, йилига камида 500 мингта янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадини 2 баробарга ошириш янги ҳукумат олдидаги энг муҳим вазифалар бўлиши шарт.
Мана шу рақамларни янги ҳукумат бажариши шарт. Бажармаса, барқарорликка эриша олмаймиз. Мана шундай марралар олишимиз керак.
Аҳоли даромадини икки баробарга оширмасак, одамларимизни рози қила олмаймиз. Беш йилда айниқса депутатлар, сенаторлар, сизни сайлаган сайловчилар норози бўлади. Бу – аниқ рақамлар. Ҳисоб-китоб қилинган рақамлар. Иложи бор рақамлар. Ҳавойи рақамлар эмас», – дейди Президент.
Маълумот учун, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси расман 8,9 фоизни ташкил этади. 2020 йилда 382 мингта доимий янги иш ўрни яратилиши прогноз қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йили ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилги ҳисоб-китобларга кўра, 8,9 фоизга етган. Бундан аввал 2020 йилда Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси икки баробарга кўпайиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)