Тошкентда икки нафар ЙҲХБ инспекторини Spark машинасида уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи ушланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, 21 январь, сешанба куни Мирзо Улуғбек туман прокуратураси томонидан Ш.Диллаевга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми (хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу воқеа 18 январь, шанба куни юз берди.

Пойтахтнинг М.Улуғбек туманидаги ТХАЙ ва Дўрмон йўли кўчаси кесишган чорраҳада Тошкент шаҳар ИИББ ЙХҲБ ЙПХБ ЙПХ инспектори Б.Султонов (1981 йилда туғилган) Spark автомобилини бошқариб келаётган Ш.Диллаевга (1993 йилда туғилган, ишсиз) тўхташ ишорасини қилади. Бироқ ҳайдовчи талабга бўйсунмайди, аксинча, ҳаракатни давом эттириб, камига автомашинанинг олд ўнг томони билан инспекторни «туртиб» кетади. Натижада Ў.Қўчқоров олган тан жароҳати туфайли ИИВ Марказий госпиталига ётқизилган.

Авайхон кўчасидаги чорраҳада унинг йўлидан яна бир инспектор — У.Қўчқоров (1982 йилда туғилган) чиқиб, у ҳам тўхташ ишорасини қилади. Ҳайдовчи бу сафар ҳам талабга бўйсунмай, бу инспекторни ҳам автомашинанинг олд ўнг томони билан «бир туртиб», ҳаракатни давом эттираверади. Бироқ зарур чоралар қўлланиб, ҳайдовчи ИИБ ходимлари томонидан ушланади.