Ўзбекистонда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди иш бошлади.

Фото: «Дарё»

Янги фонд миллий масс-медиа ҳамжамиятининг ўзини ўзи бошқариш механизмларини ишлаб чиқишга кўмаклашишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

«Сизларга мамнуният билан маълум қилмоқчимизки, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатга олинди ҳамда расман ўз иш фаолиятини бошлади.

Жамоат фондимизнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситаларига медиа бозорида тенг шароит яратиш, уларни янада ривожлантириш ҳамда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдир.

Шунингдек, жамоат фонди миллий масс-медиа ҳамжамиятининг ўзини ўзи бошқариш механизмларини ишлаб чиқишга кўмаклашишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, журналист ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш жамоат фондининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Келгусида жамоат фонди ва унинг лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот бериб борамиз. Бизни кузатишда давом этасиз, деган умиддамиз», — дейилади фонднинг Telegram’даги каналида.