Ўзбекистон мусулмонлари идораси Россиянинг Томск вилоятида юз берган ёнғинда вафот этган 10 нафар ўзбекистонликнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.
«Россия Федерациясининг Томск вилояти Асино туманидаги ёғоч уйда юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 10 нафар фуқароларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз», — дейилади идоранинг ҳамдардлик мактубида.
Эслатиб ўтамиз, 21 январь куни Москва вақти билан соат 00:05 да Россиянинг Томск вилояти Асино тумани Причулимский аҳоли яшаш пункти Свобода кўчасидаги бир қаватли ёғочдан қурилган ёнғин содир бўлган. Ушбу хонадонда 12 нафар Ўзбекистон фуқароси яшаган. Улардан 10 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ва икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган. Улар ‘Гринвуд’ ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган. Шунингдек, ёнғинда бир нафар рус аёли ҳам вафот этган.
Кейинроқ, ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасади таниб бўлмас даражада куйиб кетгани маълум қилинди. Воқеа жойида олинган видео эълон қилинди.
Дастлаб, ҳалок бўлган 9 кишининг шахси аниқлангани маълум қилинди, кейинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлган барча 10 кишининг шахси аниқлангани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига асосан ёнғинда ҳалок бўлган ва жабрланган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди.
Изоҳ (0)