2019 йилда «avtoraqam.uzex.uz» вебсайтида онлайн аукцион орқали 156,1 миллиард сўмлик 36,3 мингдан зиёд чиройли авторақамлар сотилди. Бунда авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 51,1 фоизга, ҳажми бўйича эса 28,3 фоизга ўсди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 4,3 миллион сўмни ташкил этган. Бу ҳақда ЎзРТХБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.

Фото: UzDaily

Ўзбекистон Республика товар хом ашё биржаси 2019 йилда давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали «xarid.uz»нинг оператори сифатида ўз фаолиятини давом эттирди. Йил давомида бюджет ва корпоратив буюртмачилар порталда давлат харидлари бўйича барча эълонларни жойлаштириб, давлат харидларини амалга оширишда электрон аукцион ва электрон дўкон тизимларидан самарали фойдаланди.

2019 йил якунларига кўра, мазкур порталда жами 3,8 триллион сўмлик битимлар тузилди. Бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан тежалган маблағларнинг умумий миқдори эса 805,8 миллиард сўмни ташкил этди. Тузилган битимларда кичик бизнес субъектларининг улуши 95 фоиздан ошди.