«Барселона» футбол клуби бош мураббийи Эрнесто Вальверде истеъфога чиқарилди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати маълум қилди.
13 январь, душанба куни мутахассис «Барселона» президенти Жозеп Бартомеу ва клуб директорлари билан учрашган. Каталон клуби раҳбарияти мураббийни истеъфога чиқариш қарорига келган. «Барселона»нинг расмий баёнотида томонлар шартномани ўзаро бекор қилиш ҳақида келишиб олгани маълум қилинган.
Унинг ўрнини «Бетис» собиқ бош мураббийи Кике Сетьен эгаллайди. 61 ёшли мутахассис «Барселона» билан 2022 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзолади. Сетьен 14 январь, сешанба куни «Барса»нинг янги бош мураббийи сифатида таништирилади.
Аввалроқ «Барселона» Испания Суперкубоги мусобақаси ярим финалида «Атлетико»га ютқазиб қўйганди (2:3). Ла Лигада эса 40 очко тўплаган ҳолда «Реал» билан пешқадамлик қилмоқда.
55 ёшли Вальверде «Барселона»га 2017 йилда келганди. Унинг қўл остида «кўк-анорранглилар» 163 та расмий учрашув ўтказиб, 108 ғалаба (66,25%), 35 дуранг (21,47%) ва 20 та мағлубият (12,26%) қайд этди. Вальверде даврида «Барселона» икки бор Испания чемпионига айланди. Шунингдек, бир мартадан мамлакат Кубоги ва Суперкубогига эга чиқди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)