Эрон «Украина халқаро авиалиниялари»нинг самолёти эронлик ҳарбийлар томонидан «тасодифан» уриб туширилганини тан олди. Бу «инсон хатоси» оқибатида юз берган, дейилади Эрон расмийларининг баёнотида. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар бермоқда.

Фото: Meduza

Эрон ҳарбийлари баёнотида таъкидланишича, самолёт Инқилобий гвардиянинг «муҳим ҳарбий маркази» томон бурилишни бошлаганидан сўнг, уни «душман нишони» деб қабул қилишган. Ҳодиса юз берган вақтда ҳарбийларнинг жанговар тайёргарлиги АҚШ билан кескин муносабатлар фонида юқори даражада бўлган.

Эрон авиаҳалокат учун узр сўради ва келгусида бундай «хатоликлар»га йўл қўймаслик учун ўз тизимларини янгилаб чиқишга ваъда берди.

«Украина халқаро авиалиниялари»нинг Киевга учаётган Boeing 737 самолёти 8 январь куни Теҳрон аэрпортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаган эди. Ҳодиса оқибатида 176 киши ҳалок бўлган.

Самолёт Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбалари берган оқшомда қулаган эди. 9 январь куни эса «Боинг»га ракета келиб урилиши акс этган видео эълон қилинган эди. Дастлаб Эрон самолётнинг уриб туширилганини рад этаётган эди. Теҳрон самолётнинг қулашига двигательлардан бирининг ёниб кетгани сабаб бўлганини таъкидлаб келаётган эди.