Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган вино маҳсулотларининг рекламасига жорий йилда рухсат берилиши мумкин. Мазкур ўзгариш Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган Президентнинг «Истеъмол этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида« қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига икки ой муддатда маҳаллий кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари намуналарини жамоат жойларида текин тарқатишни истисно этган ҳолда, уларнинг рекламасига рухсат беришни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган.
Қуйидаги ҳолларда маҳаллий вино маҳсулотларининг рекламасига рухсат бериш режалаштирилмоқда:
- меҳмонхоналар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари савдо залининг ички қисмида ҳамда маҳсулотларни намойиш ва дегустация қилиш жойларида;
- ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқарувчи ва савдо корхоналарининг расмий веб-сайтларида;
- темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларида;
- телевидениеда маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан 07:00 гача намойиш қилинишига.
Изоҳ (0)