Asia Alliance Bank’нинг назорат пакетини Япониянинг «Sawada Holdings» компаниясига сотиш учун тайёргарлик кўрилмоқда, деб хабар беради Spot.
Буни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 17—20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифидан сўнг, амалга ошириш имконияти туғилди. Ташриф якунларига кўра бир қатор келишувлар имзоланган, шунингдек, инвестиция лойиҳалари режаси ишлаб чиқарилган эди.
Бу борада Президент томонидан 48 та лойиҳа тасдиқланган. Улардан бири Asia Alliance Bank’нинг назорат пакетини «Sawada Holdings» компаниясига сотиш.
Битим 32 миллион долларга баҳоланган. Ҳужжатларни тайёрлаш апрель ойига мўлжалланган бўлса, пакет май ойида сотилади. Бунга Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Суннатилло Бекенов масъул этиб белгиланган.
Asia Alliance Bank’I 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, 2018 йили давлат банкига айлантирилган.
2019 йилнинг апрелида банкнинг 25 фоизини хориж инвесторларига сотиш тасдиқланган эди. Яна 10 фоизини IPO орқали сотиш режалаштирилмоқда.
«Sawada Holdings» CО., Ltd. — 1958 йилда асос солинган молиявий корпорация. Қимматли қоғозлар бозорида ишлайди, банк ва бошқа шу турдаги фаолиятлар билан шуғулланади. Компания «Киргизкоммерсбанк»нинг 52,9 фоизига ҳам эгалик қилади.
Изоҳ (0)