Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг эсдалик нишони топширилди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, эсдалик нишони Термиз шаҳридаги «Алпомиш» кураш мажмуасида бўлиб ўтган Сурхондарё вилояти ҳокими соврини учун Мудофаа вазирлигининг воҳадаги ҳарбий хизматчилари ўртасида «Амир Темур ўғлонлари» ва «Жалолиддин Мангуберди ворислари» номидаги вилоят танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимида топширилган.
Тадбирда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, полковник Зайнобиддин Иминов Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғини ўқиб эшиттирди.
«Сурхондарё вилояти ҳарбий-маъмурий сектори доирасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Жанубий операцион йўналишида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасаларининг ўқув-моддий базасини, ҳарбий шаҳарча ва полигонларнинг инфратузилмасини такомиллаштиришда, ҳарбий хизматчилар учун қулай шароитларни яратишда ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда амалга оширган ишлари ва мамлакатимизнинг мудофаа қудратини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Тўра Боболов Мудофаа вазирининг эсдалик нишони билан тақдирланди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, тадбирда Жанубий операцион йўналиш бошқаруви гуруҳи ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган «Амир Темур ўғлонлари» ва «Жалолиддин Мангуберди ворислари» номидаги вилоят танловида 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритган иштирокчилар пул мукофотлари ҳамда диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Танловда фаол иштирок этган 52 нафар ҳарбий хизматчи ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Изоҳ (0)