Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Урганч шаҳридаги марказий Янги йил арчаси олдидаги майдонда ватанпарварлик фестивали ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё»га округ матбуот хизмати маълум қилди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси қувноқ қўшиқлар, дилтортар куйлар билан барчани ўзига жалб этди.
Йигит-қизлар ҳарбий акаларининг қурол ва аслаҳалар билан кўрсатган саф элементлари, қўл жанги усулларини маҳорат билан бажарганини завқ билан томоша қилди. Жанговар, миллий ва жаҳон мусиқалари садолари остига рақсга тушишди.
Урганчликлар учун шу куни ўзгача байрам бўлди. Йиғилганлар ҳарбий санъаткорлар билан жўр бўлиб ватанпарварликка йўғрилган қўшиқларни бирга куйлашди.
«Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!» шиори остида ўтган фестивалда икки мингга яқин киши иштирок этди. Тадбир давомида ёшлар ҳарбийлар билан суҳбат қилди. Асосий мавзу эса «ҳарбий хизматчи бўлиш учун нималарга эга бўлиш керак?» деган савол бўлди.
Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан «Ватанга қасамёд» матни ўқиб эшиттирилди. Унинг янгича мазмуни «Ҳарбий қасамёд»дан нимаси билан фарқ қилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, фестиваль доирасида ҳарбий хизматчилар Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Президент фармони билан эълон қилинган «Ватанпарварлик ойлиги»да барчани фаол иштирок этишга чорловчи кўргазмали воситаларни тарқатди.
Изоҳ (0)