Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакатда масжидлар қураётган фуқароларни мактаблар ва касалхоналар қуришга чақирди. Бу ҳақда Asia Plus хабар берди.
Эмомали Раҳмон 26 декабрь куни мамлакат парламентига қилган мурожаатида сўнгги йилларда ҳашар йўли билан мамлакатда беш мингдан ортиқ масжид қурилганини айтган. Бунинг учун ҳукуматдан ёрдам сўралмаган, барчаси фуқароларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилган. Унинг айтишича, уларнинг барча катта авлод вакиллари учун қилинган. Президентнинг таъкидлашича, энди ўсиб келаётган авлод ҳақида ўйлаш ҳамда мактаб ва тиббий муассасалар қуришга ўтиш вақти келган.
Маълум қилинишича, 2019 йилда Тожикистонда 32 минг ўринли 130 та мактаб қурилган, бунинг учун 51,6 миллион доллар миқдоридаги маблағ сарфланган. 2020 йилда 93 миллион доллар ҳисобига 54 минг ўринли 181 та мактаб қуриш режалаштирилган.
Тожикистон президентининг маълум қилишича, мамлакатнинг барча соҳасида малакали кадр етишмайди. Мазкур камчиликни тўлдириш учун Эмомали Раҳмон 2020—2040 йилларни мамлакатда «Таълим ҳамда табиий ва математик фанларни ривожлантириш йиллари» деб эълон қилишни таклиф этди.
Изоҳ (0)