Хитойнинг Сиань шаҳридаги Hi-Tech марказида ўзбек ишбилармонлари учун бепул жой ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Сиань шаҳри Hi-Tech маркази вакиллари учрашувида маълум қилинди.
Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Оққулов бошчилигидаги делегация 10—17 декабрь кунлари Хитойнинг Сиань, Ханчжоу ва Ченду шаҳарларида бўлди, Хитой расмий ва ишбилармон доира вакиллари учрашувлар ўтказди.
Жумладан, «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовнинг хабар беришича, Сиань Hi-Tech саноатни ривожлантириш зонаси инвестицион ҳамкорлик қўмитаси билан бир қатор келишувларга эришилган.
Сиань Hi-Tech саноатни ривожлантириш зонаси инвестицион ҳамкорлик қўмитаси раҳбарияти туризм, ҳунармандчилик ва юқори технологиялар соҳасида фаолият олиб борувчи ўзбек тадбиркорлари учун бепул жой ажратиб беришини, Ўзбекистон туризм ва ҳунармандчилик маҳсулотлари тарғиботида кўмак кўрсатилишини маълум қилди.
Учрашувда шунингдек ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш мумкин бўлган савдо нуқталарини ташкил қилиш ҳамда Ўзбекистонга инвесторларни йўналтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари Ханчжоу ва Ченду шаҳарларида ҳам бўлиб, хитойлик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борган. Икки давлат тур-операторлари ўзаро учрашувларда ҳамкорлик режаларни белгилаб олган.
«Ҳар бир тақдимотда тадбир иштирокчилари учун ўзбекона палов дамланиб, дастурхонга тортилди. Миллий куй ва қўшиқлар ижроси йиғилганларда катта таассурот қолдирди», — дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Изоҳ (0)