Ижтимоий тармоқларда 2020 йил 1 январдан бошлаб сўм пластик карталаридаги пуллар 10000:1 га нисбатда деноминация қилиниши, ноллар сони тўрттага камайиши ҳақида хабарлар тарқалди.
«Ҳозир муомаладаги 500, 1000, 5000, 10000, 50000 ва 100000 сўмликлар 2020 йил 31 декабрга қадар параллел равишда амалда бўлади. Дэноминациядан кейин 1000 сўм 10 тийинга, 10000 сўм янги 1 сўмга тенг бўлади. 100 АҚШ доллари 90 сўм атрофида бўлади», — дейилади Facebook’да тарқалган хабарларда.
Ўзбекистон Марказий банки 21 декабрь куни ушбу хабарларга муносабат билдирди. Унга кўра, «ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас». «Бугунги кунда пул бирлигини деноминация қилиш масаласи Ўзбекистон ҳукумати ва Марказий банки томонидан кўзда тутилмаган», — дейилади Марказий банк ахборотида.
«Kun.uz»нинг эслатишича, 2019 йил бошида қатор ОАВларда президент Мирзиёев 100 минг сўмлик янги купюрани валютанинг кейинчалик деноминацияси билан чоп этиш тўғрисида кўрсатма бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Ўшанда Марказий банк сўм деноминацияси қилинмаслигини билдирганди.
2019 йил март ойи бошларида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов миллий валютанинг деноминациясини ўтказиш вазифаси қўйилмаганини билдирди. Августда бўлган матбуот анжуманида эса Нурмуротов: «Дэноминация ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келгани йўқ», — деганди.
Изоҳ (0)