Юрген Клопп бошчилигидаги «Ливерпуль» жамоаси Англия Премьер Лигасининг 17-тури доирасида «Уотфорд»дан 2:0 ҳисобида устун келди.
«Ливерпуль» Англия чемпионати доирасида 34 та ўйиндан бери мағлубият нималигини билмаяпти. Бу орқали клуб ўз рекордини янгилашда давом этмоқда. «Қизиллар» 34 та ўйиндан 5 тасида дуранг қайд этиб, 29 тасида ғалаба қозонди.
Клубнинг аввалги рекорди эса 1987 йил майидан бошланиб, 1988 йилнинг мартига қадар давом этган. Ва ўшанда жамоа 31 та ўйинда мағлуб бўлмаган (23 та ғалаба, 8 та дуранг).
Жорий мавсум эса клуб АПЛда 17 та ўйиндан 16 тасида ғалаба қозонди, атиги битта ўйинда дуранг қайд этди.
«Ливерпуль» сўнгги бор АПЛ доирасида 2019 йил январида (ўтган мавсум) сафарда «Манчестер Сити»га 1:2 ҳисобида ютқазган эди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)