Тошкент шаҳрида яшовчи икки нафар эркак фирибгарлик йўли билан самарқандлик аёлнинг 50 миллион сўмини қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 август куни Юнусобод туманида яшовчи 1952 йилда туғилган фуқаро Т.Р. ва унинг жияни, 1979 йилда туғилган фуқаро У.Р. Самарқанд вилоятида яшовчи 1950 йилда туғилган С.О. исмли аёлга Юнусобод туманида қурилаётган янги турар-жой комплексидан уй олиб беришни ваъда қилган. Икки эркак аёлдан 50 миллион сўм пул олган ва шу кунга қадар берган ваъдаларини бажармасдан, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Фирибгарликда гумонланувчи фуқаролар Т.Р ва У.Р. ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)