Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан 27 ёшли Р.У.га фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Р.У. муқаддам бир неча марта судланган бўлса-да, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини охиригача ўтаб улгурмасдан, фирибгарлик қилган. У 2019 йилнинг январь ойида таниши И.Б.га Қарши шаҳрида жойлашган новвойхонанинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга ёрдам беришини айтиб, бунинг учун 2 миллион сўм давлат божи тўлаши кераклигини маълум қилган. Р.У. фуқаро И.Б.дан 2 миллион сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Бундан ташқари, у ўзининг жиноий фаолиятини давом эттириб, 2019 йилнинг февраль ойида И.Б.га ер участкаси борлигини, 15 миллион сўм эвазига ушбу ер участкасини сотишини айтиб, уни алдаган. Р.У. уни ишонтириб, 15 миллион сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Р.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик) билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Суд ўз навбатида Р.У.ни юқорида кўрсатилган фирибгарлик жинояти бўйича айбдор деб топиб, унинг ўталмай қолган жазосини инобатга олиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.