Сайловларни ёритиш бўйича Халқаро матбуот марказининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, экспертлар қатори партия вакиллари ҳам қатнашиб, мавзу юзасидан фикрларини билдирди.
«Адолат» СДП вакили Камола Ҳамидовага кўра, адвокатларни ўқитишдан партия қониқмайди. Адвокатура институтини такомиллаштириш таклиф қилинади. Партия ҳозирги фуқароларни прописка ва рўйхатга олиш тартибидан норози. Мактаблардаги ҳуқуқ фани дарсликлари мутлақо талаб даражасида эмас. Айнан қайси жой жамоат жойи ҳисобланади, жамоат жойларида қандай хатти-ҳаракатларни амалга ошириш мумкин, қайсилари мумкин эмаслигини аниқлаштириш керак.
Экопартия вакили Улуғбек Пирмуҳаммедовнинг таъкидлашича, бугунги кунда фаолият юритаётган терговчилар мукаммал эмас, уларнинг билим салоҳиятини ошириш керак. Фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатга ўтиш мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади.
«Туман судьяси вилоят судьясидан, вилоят судьяси Олий суд судьясидан эркин бўлиш керак. Бундан ташқари, жиноят кодексини либераллаштириш лозим. Керакли жойда аниқ жазо ва жарима тартибини жорий қилмасак, гап билан тўғри йўлга солиш ўз натижасини бермаяпти», — деди «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Нодиржон Мухторов.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Холбек Жалоловнинг қайд этишича, судьялар фуқарога мурожаат иши бўйича битта нуқтани қўйиб бериши керак. Фуқаролик судига борса, маъмурийга борасан каби борди-келдиларни йўқ қилиш керак. Фуқаролар жамоат жойларида бир бири билан жанжаллашиб қолган вазиятда жаримага тортиш тизимини жорий қилиш лозим.