Тошкент ҳокимлигида Хитойнинг Leon Technology компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда ахборот коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Хорижий томон қатор йўналишларни қамраб олган Smart city лойиҳасини тақдим қилди. Ҳамкорликнинг илк босқичида аниқ бир йўналишида иш бошлаш муҳимлигига эътибор қаратиб, жамоат транспорти ва бекатларга мўлжалланган инновацион таклифларни айтиб ўтди.
Хитойнинг «Ақлли жамоат транспорти» лойиҳаси тўловларни тўлаш, бепул интернетдан фойдаланиш, транспорт йўналиши ва манзилга энг мақбул йўналиш ҳақида маълумот олиш имкониятини берувчи бир неча таркибий қисмлардан иборат. Шунингдек, йўл ёритгичларидан тарқалувчи Wi-Fi ҳудудларни ташкил қилиш масаласига эътибор қаратди.
Йиғилишда Тошкент ҳокими девони раҳбари Э.Иминов пойтахтда «Ақлли ва хавфсиз шаҳар» концепциясини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада илғор давлатлар ва шаҳарларнинг тажрибаси ўрганилаётгани, таклифлари кўриб чиқилаётганлигини айтиб ўтди. Хитой мутахассислар билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига АКТни жорий қилишга қаратилган пилот лойиҳани амалга ошириш борасида бир қатор фикрларни билдирди, бу орқали икки томоннинг ҳам шароит, имконият ва таклифларини кўриб чиқиш мумкинлигини таъкидлади.
Leon Technology компаниясининг жамоат транспорти фаолиятига қаратилган илғор ишланмалари ҳам шаҳар учун аҳамиятли эканлиги эътироф этилиб, бу йўналишдаги ҳамкорлик масаласи атрофлича кўриб чиқилиши билдирилди.
Изоҳ (0)