Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги мактаб директорларидан бири депутатликка ЎзЛиДеПдан номзодини кўрсатди. Номзодларни рўйхатга олиш иши тугалланган пайт эса кутилмаган манзил ва бошқа партиядан «чиқиб келди». Энг қизиғи, номзоднинг ўзи ҳам бу ўзгаришни ўшанда билди.

Фото: uz.raisense.saylov

Бу ҳақда «Дарё» мухбирига шикоят қилган 30-мактаб директори Дилбар Саидова сохта аризага имзо чекишга мажбурланаётганини айтмоқда.

Маълум бўлишича, дастлаб ЎзЛиДеП аъзоси сифатида туманнинг «Янгикент» маҳалласидан туман Кенгаши депутатлигига номзод қилиб кўрсатилган Дилбар Саидова эндиликда ХДПдан «Етимқум» маҳалласидан номзод деб кўрсатилган.

— 2010 йилдан 2015 йилгача Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан туман Кенгаши депутати ҳамда маълум муддат туман Кенгаши раҳбари бўлганман, — дейди Дилбар Саидова. — 2015 йилдан айни кунга қадар ҳам шу партия аъзосиман. Қандай қилиб ХДПдан номзодим кўрсатилиши мумкин?

Фото: «Дарё»

Шу каби саволларига жавоб излаётган номзод Дилбар Саидова ўзига нисбатан босим бўлаётганини, ХДПдан номзод қилиб кўрсатилишини сўраган сохта аризага имзо қўйишга мажбурланаётганини билдирмоқда.

— Партиялардан номзодимни улардан кўрсатишимни сўраб, кўплаб таклиф бўлганди. Аммо таклифларни рад этгандим, — дейди Дилбар Саидова. — ЎзЛиДеПнинг узоқ йиллик аъзоси сифатида шу партия томонидан номзодим кўрсатилишига рози бўлгандим. Жорий йил 20 ноябрга қадар мен ЎзЛиДеПнинг «Янгикент» маҳалласидан кўрсатилган номзоди эдим. Тошкент шаҳрида малака оширишда бўлганимда номзодим ЎзЛиДеПдан чиқариб ташлангани ва ХДПдан номзод этиб тасдиқланганимни билдим. Ҳайратланарлиси, Сайлов комиссияси томонидан шу ҳолатга розилигим ва ўз хоҳишим билан ёзилган сохта аризага қўл қўйишим учун турли усуллар билан менга босим ўтказилмоқда.

Аниқланишича, Дилбар Саидова айни кунда ХДП вакили сифатида туманнинг «Етимқум» маҳалласидан номзод қилиб кўрсатилган. Унинг эски ўрни «Янгикент» маҳалласидан эса Қизириқ туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Жамила Худойқулова ЎзЛиДеПдан номзод қилиб кўрсатилган.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида депутатликка номзодлар 2019 йилнинг май ойидан рўйхатга олина бошланган.

Дилбар Саидова нима сабабдан унинг номзоди ЎзЛиДеПдан олиниб,  бошқа партиядан кўрсатилаётганини билишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ҳозирча бунга жавоб тополгани йўқ.

— Қизириқ туман Сайлов комиссияси раҳбари Эркин Арабов ушбу саволга аниқ жавоб бермасдан «ХДПга номзодлигимни кўратишингизни сўрайман», — деган мазмундаги аризага имзо қўйишимни сўраяпти, — дейди Дилбар Саидова.

Депутатликка номзод Дилбар Саидованинг айтишича, унга туман ҳокими номидан дўқ-пўписа қилинмоқда.

— Куни кеча бир нечта мутассади ходимлар келиб, «ХДП дан номзодимни кўрсатишингизни сўрайман», — деган мазмундаги сохта аризасига имзо қўйишимни сўради, бир неча маротаба телефон қўнғироқлари ҳам бўлди, — дейди Дилбар Саидова. — Яшаш уйимгача борганлари етмагандек иш жойимга ҳам келишди. Мен сохталаштиришларга қарши эканлигимни ва ўзимнинг номзодим дастлаб кўрсатилган партияга қайтарилишимни сўраяпман. Буни имкони бўлмаса, нима сабабдан партиям ва номзодим ўзгаргани ҳақида билишни хоҳлайман. Улар эса «Аризага яхшиликча имзо қўйинг. Бу туман ҳокимининг топшириғи. Аризага қўл қўясиз ёки ХДПдан номзодимни бекор қилишингизни сўрайман деб ёзиб берасиз», — дея дўқ-пўписа қилишяпти.

Газетаю ҳужжатларда Дилбар Саидова ЛиДеП эмас, ХДП номзоди сифатида қайд этилган ва расмийлаштирилган.

Ушбу туманда яшовчи фуқаро Чори Мирзаевнинг айтишича, у партиядан депутатликка номзод сифатида кўрсатилиши учун 170 минг сўм пул тўлаган. Аммо кўп ўтмай унинг номзоди олиб ташланган.

— Қизириқ туман ХДПдан номзодимни қўйиш 170 минг пул тўлаб номзодимни қўйдирдим, — дейди Чори Мирзаев. — Партия нашрига обуна ҳам бўлдим. Обуна учун ачинмайман. Газета ўқисам ўзим учун фойда, аммо алам қилгани номзодлар рўйхатидан олиб ташлашгани. Масала юзасидан Қизириқ туман сайлов комиссияси раиси қабулига борсам қабул қилишни истамади. Ва ниҳоят минг уринишлар билан туман сайлов комиссияси раҳбари қабулига кирдим. «Чора топиб берамиз Бандихон туманига ҳам номзодлар тавсия этишимиз керак. Сизни шу номзодлар рўйхатига киритиб қўямиз», — деб яна бир неча кун қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб юришди. Яна мурожаат қилдим. Бу сафар «масала бўйича сиз менга эмас, ХДПнинг вилоят раҳбарига мурожаат қилишингиз керак», деган жавобни олдим. Телефон орқали  партиянинг вилоят раҳбарига мурожаат қилганимда мени тинглашга вақт ҳам топмади. Кейинчалик эса қўнғироқларимга узундан узоқ «гудок» овозларигина жавоб берди, холос.

Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи, деганларидек бошқа мурожаатларга батафсил тўхталмадик. Биргина шу сўзларнинг ўзи қолганларининг адолатли ечимига туртки бўлиб, «каттаконлар»нинг сайловга аралашувини камайтирса не ажаб?

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокимлиги депутатликка номзодлар рўйхатидан ўчирилган фуқаро тўғрисидаги хабарга муносабат билдириб рад этганди.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев