«Лестер» футбол бўйича Англия чемпионатининг 16-турида «Астон Вилла»ни мағлубиятга учратди (4:1).
Брендан Рожерс бошчилигидаги жамоа Англия Премьер Лигасидаги ғалабали сериясини саккиз ўйинга етказди. Бу клуб тарихидаги энг яхши натижа ҳисобланади. Сўнгги бор «тулкилар» 5 октябрда «Ливерпуль»га ютқазиб қўйганди (1:2).
Аввалроқ «Лестер» Англия чемпионати доирасида «Бёрнли» (2:1), «Саутҳэмптон» (9:0), «Кристал Пэлас» (2:0), «Арсенал» (2:0), «Брайтон» (2:0), «Эвертон» (2:1) ва «Уотфорд» (2:0) каби жамоаларни мағлуб этганди.
«Лестер» 16-турдан кейин 38 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвалида иккинчи ўринда бормоқда ва учинчи поғонадаги «Манчестер Сити»ни олти очкога ортда қолдирмоқда. Пешқадам «Ливерпуль»дан эса саккиз очко кам тўплаган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)