Андижонда 3 декабрь куни ёнғинни ўчириш вақтида икки кишининг жасади топилди, деб хабар бермоқда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати.
Қайд этилишича, шаҳардаги «Саноат» МФЙ Темир йўл кўчасидаги уйда ёнғин бўлгани тўғрисида ёнғин-қутқарув хизматига соат 06:20да хабар келиб тушган.
Хабар асосида воқеа жойига 2 та ёнғин ўчириш бўлинмаси жалб этилган. Бўлинмалар чақирилган манзилга 4 дақиқада етиб борган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 06:26 да бартараф этилган. Ёнғин оқибатида уйнинг 1,5 квадрат метр майдонда пол қисми ёнган.
Ёнғинни ўчириш вақтида уй эгаси 54 ёшли фуқаро Ш.Т. ва унинг 37 ёшли аёл таниши В.С.нинг тутундан димиққан ҳолдаги жасадлари топилган.
Ёнғинга қўлбола электр иситиш мосламасидан фойдаланиш сабаб бўлган деб тахмин қилинмоқда. Ҳозирда воқеа юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида қўлбола усулда тайёрланган газни тортиш мосламасида юзага келган чақнаш оқибатида портлаш юз бериб, 8 киши касалхонага ётқизилгани хабар берилган эди. Воқеа жойига вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов етиб борган ва зудлик билан мутасадди ташкилотларга юзага келган зарарни қоплаш, фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш юзасидан топшириқ берган. Кейинроқ ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти воқеа юзасидан қўшимча маълумот бериб, ҳодиса оқибатида 11 киши жабрланганини маълум қилган.
Изоҳ (0)