Шаҳрисабзнинг «Зиёкор» маҳалласида сув қувури носозлиги боис ичимлик суви исроф бўлмоқда — аҳоли муаммони ҳал қилолмай сарсон, шаҳар «Сувоқова» корхонаси масъуллари эса «уйқуда». Бу ҳақда Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, маҳаллада ичимлик суви исроф бўлаётгани шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати масъулларининг 1 декабрь оқшомидаги тунги «рейди» давомида маълум бўлган. Сув қувури яхши ёпилмагани оқибатида ичимлик суви асфалт йўлга оқиб чиққан.
Қувур ёрилган жой кавлаб ташланган, бироқ ким томонидан ва қачон кавланганига аниқлик киритилмаган. Айтилишича, бу шаҳарда ичимлик суви исроф бўлиши билан боғлиқ камида бешинчи ҳолат. Маҳалла раиси Илҳом Шербобоев ҳолатдан хабардор, аммо муаммони бартараф эта олмаяпти.
Ҳокимлик ахборот хизмати шаҳар «Сувоқова» корхонаси мутасаддиларини муаммодан бехабарликда айблаган. «Фуқаролар қоронғида сувни тўхтатишга ҳаракат қиляпти, аммо вазият оғир. Аҳолига келадиган ичимлик суви тўхтатилган. Бу ҳолатга «Сувоқова» корхонаси раҳбаридан жавоб кутиб қоламиз», — ҳокимлик ахборотида.
«Рейд» давомида тартибсиз чиқиндихоналар кўпайиб бораётганига ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, халқ тилида «61-бозор» ва «Кеш» номи билан машҳур бозорлар ёнида чиқиндихоналар пайдо бўлган, ариқлар чиқиндига тўла. Аммо «Тоза ҳудуд» корхонаси эътиборсизлик қилмоқда.
Қайд этиш жоиз, ҳокимлик ахборот хизмати 2 декабрь куни шаҳардаги «Камолот», «Ғалаба», «Пиллакашлик» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги тартибсиз чиқиндихоналар муаммосига ҳам эътиборни қаратган. Қўшимча қилинишича, шаҳарда дайди итлар ҳам кўпайган.
Изоҳ (0)